Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 02/07/2021 Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: миллий ва хорижий тажриба
Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: миллий ва хорижий тажриба

1 июль куни Гулистон шаҳрида  “Президент сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилди.

Конференция халқаро шериклар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) кўмагида ўтказилди.

Халқаро анжумандан кўзланган асосий мақсад – сайловларнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ва сайлов қонунчилиги ривожланиш тенденцияларини илмий таҳлил қилиш, шунингдек сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш юзасидан ўзаро тажриба ва фикр алмашишдан иборат.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда сўнгги йилларда сайлов қонунчилигини тизимли ва изчил демократлаштириш ҳамда либераллаштириш бўйича эришилган натижалар, шунингдек жамият ва давлат ҳаёти, чинакам демократия, адолатли сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш бўйича яратилган шарт-шароитлардан халқаро жамоатчилик ва экспертларни хабардор қилишдир.

Тадбирда Ўзбекистон парламенти, суд тизими, Марказий сайлов комиссияси, мамлакатнинг етакчи илмий-таҳлилий марказлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, шунингдек БМТТД, Парламентлараро Иттифоқ, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, SDC ҳамда Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Пьер фон Аркс, БМТТДнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили Матильда Димовска ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғафуржон Мирзаев сўзга чиқди.

Академик А.Саидов таъкидлаганидек, замонавий дунёда эркин ва адолатли сайловлар демократлаштириш жараёнининг ҳал қилувчи омили ва халқ иродасини ифода этувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади. Зеро, сайловлар жамиятнинг сиёсий ҳокимиятини ягона, ажралмас, давлат ҳокимиятига айлантиришга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда давлат ва жамиятни демократлаштириш ҳамда модернизация қилиш бўйича жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада бугунги кунда мамлакатимиз демократик талабларга жавоб берадиган замонавий миллий сайлов тизимига эга.

Ўзбекистоннинг замонавий сайлов тизими кўп йиллик эволюция ва кўп томонлама сиёсий мулоқот натижасидир. Сайлов тизими ва қонунчиликни модернизация қилиш уч босқичда амалга оширилди.

Бу босқичлар, биринчидан, алоҳида сайлов қонунларидан Сайлов кодексига ўтиш, яъни сайлов қонунчилигини кодификация қилиш; иккинчидан, барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолиятининг мустақиллигини таъминлаш; учинчидан, миллий қонунчилик ва сайлов амалиётининг умумий қабул қилинган халқаро демократик тамойилларга мувофиқлиги ва ўзаро боғлиқлигини таъминлайдиган адолатли сайловлар учун ҳуқуқий шароитларни шакллантириш ва такомиллаштириш жараёнларини ўзида қамраган.

Шу билан бирга, сайлов тизимига муайян таъсир кўрсатадиган янги омиллар пайдо бўлди. Ҳозирда ҳаётнинг барча соҳаларида кенг қўлланиладиган электрон ахборот технологиялари етакчи ўрин эгалламоқда. Дунёда сўнгги бир ярим йилда сайловлар пандемия шароитида бўлиб ўтмоқда, бу эса, ўзига хос янги чоралар қўллашни талаб қилмоқда.

Сайлов тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш жараёни сайлов қонунчилигидек каби ҳали тугамаган. Негаки, сўнгги йиллардаги жаҳон амалиёти шуни кўрсатдики, деярли ҳар бир сайлов кампанияси янги муаммоларни юзага чиқармоқда.  Шу сабабдан ҳам тўпланган тажрибадан фойдаланган ҳолда  таклиф қилинган ўзгаришларни қандай қўллашни аввалдан кўра билиш талаб этилади.

Конференция ўз ишини учта шўъбада давом эттирди.

Биринчи шўъба – “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва сиёсий партияларнинг  президент сайловида иштирокини таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон тажрибаси” деб номланган. Унда Давлат ва ҳуқуқ институти, Олий суд, шунингдек мамлакатимизда фаолият олиб бораётган бешта сиёсий партия раҳбарлари ўзаро фикр алмашдилар.

Иккинчи шўъба – “Фуқаролар сайлов ҳуқуқлари таъминланишининг конституциявий-ҳуқуқий асослари: халқаро ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзуида иш олиб борди. Бунда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, БМТТД, МДҲ Парламентлараро Кенгашининг сайлов масалалари бўйича экспертларининг фикрлари тингланди.

Учинчи шўъба – “Замонавий шароитда Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштириш” мавзусига бағишланди. Унда Парламентлараро Иттифоқ, Ж.Неру университети (Ҳиндистон) мутахассислари, шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда миллий экспертлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Хорижий экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги шу давргача бўлиб ўтган сайловлар давомида тўпланган миллий тажриба, илғор хорижий сайлов амалиёти, шунингдек халқаро стандартлар, фуқароларнинг сиёсий онги ҳамда электорал маданиятининг ўсиши, амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши ва талабларини ҳисобга олган ҳолда жадал такомиллашиб бормоқда.

Янги Ўзбекистоннинг замонавий сайлов тизими яратилиши кўп йиллик эволюцион жараён ва ҳар томонлама сиёсий мулоқот маҳсулидир. Мамлакатда соғлом партиялараро рақобат ва барча партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитлар яратилган ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларини адолатли тақсимлаш, овоз беришнинг ҳалол ва қонуний бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилган. Бошқача айтганда, навбатдаги Президент сайлови кўп партиявийлик, номзодлар рақобати, очиқлик, фикр эркинлиги ва чинакам танлов шароитида ўтказилади, деб таъкидлаш учун барча асослар мавжуд.

Конференцияда пандемия шароитида сайлов жараёнига янги технологияларни жорий этиш, сайлов тизимида рақамли технологиялардан фойдаланиш ва уларни ҳуқуқий тартибга солишни янада кенгайтириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.

Халқаро анжуман якунида Гулистон ҳужжати қабул қилинди. Унда Ўзбекистоннинг сайлов сиёсати ва қонунчилигини такомиллаштиришга оид тавсиялар назарда тутилган.

              

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг