Қарорда жумладан шундай дейилади: Тадбиркорлик субъектлари ва барча аҳоли қатламининг имтиёзли микрокредитлардан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини рағбатлантириш орқали аҳоли бандлигини янада ошириш мақсадида:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, шунингдек, тижорат банкларининг юридик шахсни ташкил этмасдан янги рўйхатга олинган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредит ажратиш бўйича қуйидагилар кўзда тутилган соддалаштирилган механизмни жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
янги рўйхатдан ўтган юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига фаолиятини амалга ошириш учун олинган товарларни гаров сифатида ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача миқдорда микрокредитлар ажратиш;
янги давлат рўйхатидан ўтган юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг кам иш ҳақининг 60 баробаригача миқдорда микрокредитлар кредитлашга оид қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъминот турлари билан бир қаторда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасида кўрсатилган ваколатлар доирасида кафиллиги асосида ажратишни кенгайтириш.
2. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 январга қадар мазкур қарорнинг 1-иловасида* қайд этилган фаолият турлари билан шуғулланадиган янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектлари ушбу қарорнинг 1-бандида кўзда тутилган қоидаларга биноан микрокредитларни расмийлаштиришда 6 ой муддатга қатъий белгиланган солиқ тўловларидан озод этилади.
Қарорнинг мазкур бандида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланадиган қатъий белгиланган солиқ тўловчилар улар давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан ўн икки ой ичида тугатилса ёки уч ёхуд ундан кўп ой муддатга фаолиятини тўхтатса, фаолият кўрсатган даври учун қатъий белгиланган солиқларни тўлайди.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда:
тижорат банклари кредити ҳисобидан сотиб олинадиган қорамол, қўй-эчки, қуён, парранда, балиқ, асалари уяси, мевали дарахт ва ток кўчатлари, уруғ, минерал ўғит, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, маиший техника, ускуналар, қурилиш материаллари ва бошқа товарларни ҳеч қандай чекловларсиз нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан етказиб беришни ташкил этишга кўмаклашсин;
бир ой муддатда ҳудуддаги жорий ҳолатни танқидий таҳлил қилиш асосида тегишли қишлоқ хўжалиги товарлари, маиший техника, ускуналар, қурилиш материаллари ва бошқа турдаги маҳсулотлар етказиб беришга ихтисослаштирилган хўжалик субъектларини ташкил этсин.
4. Белгилансинки, тижорат банклари Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан мазкур қарорнинг 2-иловасида* қайд этилган узоқ ва бориш қийин бўлган, шунингдек, меҳнат ресурслари ортиқча бўлган ҳудудларда янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда оилавий тадбиркорлик субъектларига энг кам иш ҳақининг 100 баробаригача миқдорда кредитлар ажратади.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига: бир ой муддатда ушбу қарорнинг 1-банди талабларидан келиб чиққан ҳолда, янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар ажратишнинг соддалаштирилган тартибини тасдиқлаш;
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, жумладан, Интернет тармоғидан кенг фойдаланган ҳолда, аҳоли ўртасида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини тизимли асосда ҳар томонлама мунтазам ёритиш;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар киритиш тавсия этилсин.
6. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Р. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф. Муллажонов зиммасига юклансин.