Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрида барпо этилган Киберспорт аренасида ёшлар билан учрашди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 ноябрдаги қарорига мувофиқ, киберспорт турлари оммалаштирилмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳрида собиқ теннис корти биноси ўрнида киберспорт аренаси ташкил этилди. 1 минг 200 томошабинга мўлжалланган асосий зал замонавий ҳолатга келтирилди. Шунингдек, бу ерда 12 та ўқув ва машғулот хоналари, мажлислар зали, 35 ўринли ётоқхона ҳамда кафетерий мавжуд.
Арена универсал бўлиб, бокс, кураш, баскетбол, стол тенниси, шахмат, шашка бўйича халқаро мусобақаларни, “Беш ташаббус” тадбирларини ўтказиш ҳам мумкин. Мажмуа таркибидаги IT академиясида ёшларга компьютер саводхонлиги, хорижий тиллар, график дизайн, дастурлаш, робототехника ва бошқа йўналишлар ўқитилади. Бу соҳада мутахассислар тайёрлаш бўйича “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” тизимини амалга ошириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари бу ерда кибер спорт, шахмат, “Заковат” интеллектуал ўйинлари, баскетбол мусобақаларини кузатди, ёшлар билан мулоқот қилди.
- Бугун Жиззахнинг кўп жойларида бўлдик, янги лойиҳаларни бошладик. Албатта, вилоятнинг иқтисодиёти, бунёдкорлик кўлами аввалгидан анча юқори. Лекин энг муҳим ютуқ - ёшларимизнинг ҳаракати, нияти, ўзига ишончи. Биз белгилаб олган Стратегияни, катта марраларни шундай ёшлар билан амалга оширамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Ташриф давомида мутасаддилар арена фаолиятига доир режалар хусусида сўзлаб берди. Хусусан, жаҳон чемпионатларида иштирок этиш учун турли даражадаги турнирлар ғолиблари билан дўстлик мусобақалари ўтказилади.
Ҳар бир йўналиш бўйича иқтидорли ёшларни аниқлаб, уларни профессионал спортга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди.