Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни Наманган вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Янги Наманган туманидаги “Гавҳар груп” корхонасини бориб кўрди. У йилига 1 минг 200 килограмм заргарлик буюмларини саноат усулида ишлаб чиқариш қувватига эга.
Юртимиз заргарлиги қадимдан машҳур. Жумладан, Наманганда ҳам “қўли гул” ҳунарманд сулолалар бўлган. Лекин етарли шароит бўлмагани, хомашё сотиб олишдаги қийинчиликлар сабабли кўп заргарлар фаолиятини тўхтатган эди. Бори ҳам буюмларни қўл меҳнатида тайёрларди.
Президентимизнинг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа вакилларига кенг имкониятлар очди. Хусусан, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга кон-металлургия комбинатлари ва аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмларни сотиб олиш ҳуқуқи берилди. Хориждан технология ва мутахассислар олиб келиш қўллаб-қувватланди.
Бундай эътибор ва имкониятлар заргар тадбиркорларга ишонч берди. “Гавҳар груп” масъулияти чекланган жамияти ҳам шу тариқа вужудга келди. Туркия, Италия, АҚШ ва Германиядан замонавий ускуналар келтирилиб, 2022 йилда ишга туширилди.
Бугунги кунда корхонада 10 минг хил дизайндаги заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Чет эллар билан ҳамкорликда қўл соатларининг тилла корпусини тайёрлаш йўлга қуйилган. 2023 йилда 270 килограмм маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, бу ерда 3D моделлаштириш орқали буюртма асосида исталган кўринишдаги буюмларни ишлаб чиқариш мумкин.
Олтинни Товар-хомашё биржасидан кечиктириб тўлаш шарти асосида сотиб олиш имконияти айланма маблағ ва ишлаб чиқариш узвийлигида муҳим омил бўлмоқда.
Яна бир муҳим томони, корхонада маҳаллий заргарлар билан кооперация йўлга қўйилган. Натижада яширин ишлаганлар “соя”дан чиқди, иш ўринлари кўпайди. Корхонада 100 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган. Шу ернинг ўзида ёшларга ҳунар ҳам ўргатилади.
Давлатимиз раҳбари корхонада ишлаётган заргарлар билан суҳбатлашди.
- Мамлакатимизда йилига 100 тонна олтин қазиб олаяпмиз. Уни заргар тадбиркорларга бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилган. Очиғи, бундай имкониятлар ҳеч қайси давлатда йўқ. Лекин, юртимизда олтиннинг атиги 6 фоизи қайта ишланаяпти. Олтин қазиб олинмайдиган мамлакатлар биздан кўп экспорт қилаяпти. Бу соҳада бироз кечикдик. Шунинг учун ишлаб чиқаришга қўшимча шароитлар яратаяпмиз. Бу ҳали бошланиши. Соҳани ҳали яна ривожлантирамиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда туркиялик ишбилармонлар билан тажриба алмашиш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича мулоқот бўлди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда “Мехмаш” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотларини ҳам кўздан кечирди.
Бу корхона йилига 20 минг тонна бурама мих ва 18 минг тонна рулонли қоғоз ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик экспорт қувватига эга. 700 киши иш билан таъминланган.
Бозор талабидан келиб чиқиб, автомобиль саноатида қўлланадиган маҳкамлаш маҳсулотлари ҳажмини ва экспортини ошириш, иш ўринларини кўпайтириш режалари юзасидан кўрсатмалар берилди.