Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Ўзбекистон 25/01/2017 Президент “Бобур” боғини “Дўстлик боғи” деб номлашни таклиф қилди
Президент “Бобур” боғини “Дўстлик боғи” деб номлашни таклиф қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги “Бобур” номли боғни “Дўстлик боғи” деб номлашни таклиф қилди. У, шунингдек, қайд этишича, илгари «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамиятига тегишли бўлган Бобур кўчасидаги бинони Республика байналмилал маданият марказига беришни ва уни Дўстлик саройи деб номлашни таклиф этди.

“Яқинда менга мослаштирилган биноларда жойлашган қатор марказларнинг бир гуруҳ фаоллари ўзларининг меҳнат шароитларини яхшилашга кўмаклашиш тўғрисида мурожаат қилишди”, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган учрашувдаги нутқида.

“Шу муносабат билан пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турган, илгари «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамиятига тегишли бўлган Бобур кўчасидаги бинони Республика байналмилал маданият марказига беришни ва уни Дўстлик саройи деб номлашни таклиф этаман. Биз мазкур бинони реконструкция қилиш ва унинг атрофини ободонлаштиришни кўзда тутадиган тегишли ҳукумат қарорини қабул қиламиз”, - деб қайд этди Президент.

“Ана шу бинонинг ёнида жойлашган ва мустақиллик йилларида Республика байналмилал маданият маркази ўзининг кўплаб тадбирларини ўтказиб келаётган боғни «Дўстлик боғи» деб номлашни таклиф қиламан”, - қўшимча қилди у.

Ўзбекистон раҳбари деди: “Шу муносабат билан Бош вазир А.Н.Арипов тегишли идоралар билан биргаликда, бир ой муддатда мазкур боғ ҳудудида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча элу элат вакилларининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари ва пазандачилик анъаналарини намойиш этиши учун павильонлар барпо қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиши зарур”.

“Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Наврўз байрами арафасида очиладиган янги боғ эса энди буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталади”, - қайд этди у.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг