Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Бу кўпчилик аҳоли кутаётган, миллионлаб оилалар ҳаётига дахлдор масала эди. Дастлабки ўрганишларга кўра, ҳозирда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган 3 миллион 600 мингдан ортиқ ер участкалари мавжуд.
Шу боис давлатимиз раҳбари 2023 йил 21 ноябрда ер ҳисоби ва кадастр хизматлари бўйича ўтган видеоселектор йиғилишида бу масалани қонуний ҳал этиш зарурлигини айтган эди. Шунга мувофиқ, соҳа мутахассислари ва депутатлар иштирокида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунда Италия, Болгария, Хорватия, Чехия ва бошқа давлатларнинг ижобий тажрибаси инобатга олинди. Олий Мажлис палаталари муҳокамаларида пишитилди.
Қонун 6 та боб ва 35 та моддадан иборат бўлиб, унда қуйидаги ер ва мулкларга нисбатан ҳуқуқлар эътироф этилмоқда:
1) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
2) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
3) “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;
4) 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокими қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига;
5) боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
6) кичик саноат зоналарига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига;
7) давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига;
8) ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига.
Қонунда ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари ҳам аниқ белгиланган. Масалан, ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши, ер бўйича низо бўлмаслиги, бош режа талабларига зид эмаслиги ва бошқа омиллар ҳисобга олинади.
Ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотларни ва ҳужжатларни келишиш Кадастр агентлигининг автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади. Бу тизимга 15 та ваколатли ташкилот ҳам тегишли маълумотларини киритади.
Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги вилоят адлия бошқармаси томонидан текшириб чиқилади. Уларнинг натижалари маҳалла бурчаклари, Кадастр агентлигининг сайти орқали жамоатчиликка эълон қилинади. Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга СМС-хабарнома юборилади. У асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади.
Прокуратура, ички ишлар, агроинспекция, экология, кадастр органлари қонунни амалга оширишда давлат назоратини ўрнатади. Шунингдек, қонунда жамоатчилик назоратига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, халқ депутатлари туман кенгашлари қарори билан ҳар бир маҳаллада жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади. Бу гуруҳларга маҳалла жойлашган округдан сайланган туман кенгаши депутати, маҳалла раиси ва фаол фуқаролар киритилади.
Турар жойлар, хусусийлаштирилган ёки мулк ҳуқуқи эътироф этилган бино ва иншоотлар остидаги ер участкаларига ҳуқуқларни эътироф этиш учун бир марталик тўлов олинади. Бу тўлов Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 3 баравари, шаҳарларда 2 баравари ва бошқа аҳоли пунктларида бир бараварини ташкил этади. Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган ва ногиронлиги бўлган шахсларга чегирма берилади.
Бир марталик тўловдан кадастр ва адлия идоралари, “Ўзбеккосмос” агентлигининг харажатлари қопланади. Қолган маблағлар ташаббусли бюджет тадбирларига йўналтирилади, яъни ўша маҳаллаларнинг ўзига сарфланади.
Қонун 3 ойдан кейин кучга киради, унга қадар жойларда тарғибот, тушунтириш ва тайёргарлик ишлари амалга оширилади. Қонун 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.
Шу ўринда айтиш керакки, Қорақалпоғистон Республикасида бу борадаги ишлар аллақачон бошланган. Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 28 июлдаги фармони билан, фақат ушбу ҳудуддаги ҳужжатсиз уй-жойлар ва улар жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қарори билан эътироф этишга рухсат берилган эди.
Шундан сўнг, барча туман ва шаҳарларда ишчи гуруҳлар тузилиб, Қорақалпоғистон Республикасида ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган 43 минг 432 та уй-жой бирма-бир ўрганиб чиқилди. Уйларнинг жойлашган ўрни, ҳолати ва қурилган вақти ер ҳисоби ҳамда космик суратларни таҳлил қилиш асосида текширилди.
Барчасининг якунида ижобий хулосага келинган 27 минг 590 та уй-жойга мулк ҳуқуқи, улар жойлашган ер участкаларига ижара ҳуқуқи эътироф этилди.
Ушбу халқпарвар сиёсат натижаси 27 минг 590 та хонадонда яшовчи 100 мингдан ортиқ фуқароларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди. Уларда ўз уй-жойини қонуний расмийлаштириб олиш, бошқа шахсга сотиш, оила аъзоларини доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи пайдо бўлди. Шунингдек, мулкдорлар энди бу уйини таъмирлаш ёки қўшимча қурилиш қилиш учун имтиёзли кредитлар олиши, уй-жой жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган ҳолларда, қонунга мувофиқ компенсация талаб қилиши мумкин бўлди.
“Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ушбу хайрли ишларнинг кўламини бутун мамлакатимиз бўйлаб ёяди. Агар 3 миллион 600 мингдан ортиқ ер участкасининг ҳар бири ўртача 3-4 нафардан фуқаро ва тадбиркорларга дахлдор бўлса, бу қонун 10 миллиондан зиёд аҳолининг муаммосини ҳал қилиб, келгуси ҳаётига қонуний замин яратади.