"Ўзбегим отлари" от заводи 1992 йил ташкил этилган бўлиб, майдони 140 гектардан ортиқ. Завод қадимий от зотлари, жумладан, Ахалтака тулпорларини кўпайтириш ва парваришлашга ихтисослаштирилган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Ахалтака зотли отлар бундан беш минг йил муқаддам пайдо бўлган. У Осиё халқларининг ёзма манбаларида само тулпорлари, арғумоқ, учқур айғирлар, дея таърифланган. Тошбитиклар, қояларда сақланиб қолган суратларнинг гувоҳлик беришича, Ахалтака арғумоқлари қадимда ҳозирги Фарғона водийси, Хоразм вилояти ҳудудларида учраган. Айни пайтда мазкур турнинг катта қисми Туркманистон ҳиссасига тўғри келади.
Бугунги кунда “Ўзбегим отлари” заводида 300 га яқин от парваришланмоқда. Улар орасида Ахалтака зотидан ташқари, инглиз ва араб зотли отлар ҳам бор.
“Ўзбегим отлари” заводида Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан совға қилинган “Дўстхон” лақабли зотдор от йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
От заводи ҳудудида зотдор отларни кўпайтириш, соҳада наслчилик ишларини яхшилашга қаратилган истиқболли лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди, деб хабар беради ЎзА.