Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 9-13 декабрь кунлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациянинг Чехия ҳамда Германия давлатларига ташрифи амалга оширилмоқда.
Ташриф доирасида Чехия саноат ва савдо вазирлиги биносида тўқимачилик, озиқ-овқат ҳамда қурилиш соҳаларида фаолият юритувчи икки давлат ишбилармон доира вакиллари иштирокида Чехия-Ўзбекистон бизнес форуми ҳамда В2В форматдига икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев, Чехия Савдо-саноат палатасининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бошқаруви раиси ва бош директори Франтишек Масопуст ҳамда EGAP суғурта экспорт агентлиги вакиллари ўз нутқлари ва тақдимотлари билан қатнашди.
Шунингдек, унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси масъул ходими мамлакатмизнинг инвестицион салоҳияти ҳамда тадбиркорликнинг кенг истиқболлари намойиш этилган тақдимот билан қатнашди.
Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги товар айланмаси 2023 йил ҳолатига кўра, 344,3 млн долларни ташкил этади. Чехия давлатига амалга оширилган экспорт - 51,3 млн доллар, импорт - 293 млн доллардан иборат.
Тадбир якунлари бўйича, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Ташриф доирасида 12 декабрь куни Германиянинг Франкфурт шаҳрида Германия-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтиши режалаштирилган.