– Кузатувларимизга кўра, Ўзбекистонда пахта нархида кескин ўсиш ва тушишлар кузатилмаяпти, – дейди "Cotton Outlook” халқаро агентлиги бош муҳаррири Рей Батлер. – Кейинги йилларда АҚШ, Ҳиндистон, Хитойда пахта етиштиришнинг ортиши ҳисобига жорий йилда дунёда яратиладиган пахта хирмони 27 миллион тоннадан ортиши кутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 1,4 миллион тонна кўп демакдир.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги ярмаркада Ўзбекистон ўзининг пахта сотиш сиёсатида янги стратегияни қўллади. Хусусан, экспонатларнинг салмоқли қисми тўқимачилик ва енгил саноат корхоналари маҳсулотларидан иборат бўлди. Бу мамлакатимизда юқори қўшимча қийматга эга бўлган ип-калава, мато ва тайёр маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлардан далолатдир.
Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги "2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарори экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш ва уларнинг ҳажмини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Унга кўра, умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион долларлик 130 дан ортиқ инвестициявий лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Бугунги кунда "Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти тизимида 450 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Соҳа корхоналари ички бозорни тайёр маҳсулотлар билан тўлдириш баробарида юқори сифатли ип-калава, газлама, трикотаж буюмлар ҳамда турли дизайндаги кийим-кечакларни 50 зиёд мамлакатга экспорт қилмоқда. Хусусан, ўтган йили 1 миллиард 146 миллион долларлик экспорт амалиёти бажарилди. Жорий йилнинг охирига қадар эса бу кўрсаткични 1 миллиард 300 миллион доллардан ошириш режалаштирилган.
Ярмарка мамлакатимиздаги кўплаб ишлаб чиқариш корхоналарига ўз ҳамкорлари доирасини янада кенгайтириш имконини берди. Улар орасида «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти таркибидаги «Меҳригиё Феруз Юлдуз» масъулияти чекланган жамияти ҳам бор. Андижонда фаолият юритаётган ушбу корхонада аёллар пальтоси ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотларнинг тенг ярми хорижга экспорт қилинмоқда.
– Биз 50 турдаги аёллар устки кийимларини ишлаб чиқарамиз, – дейди корхонанинг савдо бўйича менежери Нодирбек Баҳриддинов. – Бугун маҳсулотларимизни МДҲ мамлакатларига экспорт қилмоқдамиз. Ярмаркада Европа давлатларидан келган тадбиркорлар билан самарали музокаралар олиб бордик ва келишувларга эришдик.
Форум доирасида қатор тақдимотлар ҳам ўтказилди. Улардан бири – "Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Касаба уюшмалари федерацияси, Халқаро молия корпорацияси, Жаҳон банки ҳамкорлигидаги барқарор пахтачиликни ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳанинг натижаларига бағишланди. Лойиҳа дастлабки етти ойда фермер хўжаликларида пахтани барқарор равишда етиштириш стандарт тизимини жорий этиш учун синов режимида жорий этилди. Қишлоқ хўжалиги технологиялари диагностикаси амалга оширилди. Пахтачилик самарадорлигини ошириш ва механизациялашни жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ярмаркада «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти қошидаги дизайн маркази модалар кўргазмасини ўтказди. Унда «Ўзтекс», «Само», «Идеал», «Бонита», «Барчиной», «Чуст текс», «Контекс» корхоналари, «Анор Ателье», «Гигу», «Сабина Назар» каби дизайнерлар гуруҳлари ўз тўпламларини намойиш этди.
– Яқинда Москва шаҳрида ўтказилган фестивалда қатнашдик,– дейди «Шарқ либослари» дизайн маркази раҳбари Камола Ғуломова. –Унда марказимизда аёллар учун «рret-a-porter» йўналишида, табиий матолардан тикилган либослар дунёдаги етакчи дизайнерлар ва нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, олтин медаль билан тақдирланди. Бугун ҳам қирқдан зиёд мамлакат вакилларига Ўзбекистонда мода ва дизайн саноати улкан имкониятга эга эканини яна бир бор намоён этдик.
XIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини, халқимиз фарвонлигини янада юксалтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганини яна бир бор намойиш этди. Жаҳон пахта ва тўқимачилик бизнесининг муҳим воқеаларидан бири бўлган мазкур анъанавий ярмарка Ўзбекистон билан ишончли, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади. ЎзА.