Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 23 январь куни Тошкент шаҳрида Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан мева-сабзавот етиштирувчилар, картон қутилар, пластик ва қоғоз қадоқ ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Учрашувнинг асосий мақсади – экспорт жараёнларини такомиллаштириш учун мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш сифатини ошириш, тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва маҳсулотларининг халқаро бозорда рақобатбардошлигини ошириш учун таклифлар ва амалий ечимлар ишлаб чиқишдан иборат эди.
2024 йил озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан
370 миллион долларга кўпайиб, ҳозиргача 2 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича дунёда учинчи, гилос ва шафтоли бўйича еттинчи, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича ўнинчи ўринга чиқди. Биргина гилос 16 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Шунингдек, 2024 йилда 16 миллион тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка етиштирилган.
Учрашувда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов, республика бўйлаб фаолият олиб борувчи тадбиркор ва соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар.
Тадбир давомида тадбиркорлар экспорт жараёнларини соддалаштириш, қадоқлашда замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича фикр алмашдилар. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларининг халқаро бозорда рақобатбардошлигини ошириш учун таклифлар ва амалий ечимлар ишлаб чиқилди.
Ушбу давра суҳбати экспорт ҳажмини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлиб, тадбиркорлар учун амалий маълумотлар олиш ва ўзаро алоқаларни кенгайтириш имкониятини яратди.