Президентимиз ғояси билан “Инсон – жамият – давлат” тамойили ҳаётимизга чуқур сингиб, бош қадриятга айланаётгани халқ билан мулоқот тизимини ҳам тобора такомиллаштириб бормоқда. Аслида ҳам давлат ва жамият халқ орзу-умидлари ушалиши учун ёрдам берганда, инсон бу ҳаётда ўз ўрни, ўз қадри борлигини англайди. “Давлат – инсон учун” қоидасининг ҳаётий исботини эса Тошкент шаҳрида ҳам ҳар куни ечим топилаётган минглаб мурожаатлар мисолида кўриш мумкин.
Бу фикрларнинг ҳар бири мустаҳкам ҳаётий исботларга эга. Аниқ мисолларга ўтишдан аввал эътиборингизни қуйидаги рақамларга қаратсак: жорий йилнинг ўтган даврида Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига пойтахтимиз аҳолисидан 80 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 76 минг 780 дан ортиғи кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг эса 52 фоиздан зиёди, яъни қарийб 40 мингтаси ижобий ҳал қилинган.
Қолган мурожаатларнинг муайян қисми ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш бериш йўли билан ҳал қилинган бўлса, яна бир қисми узоқ муддатли назоратга олинган. Бу жараёнда давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг шу йил 25-27 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган оммавий қабулларида келиб тушган мурожаатларни ўрганиш, уларда айтилган масалаларни ҳал қилиш ишлари ҳам изчил олиб борилмоқда.
Мирзо Улуғбек тумани “Аҳиллик” маҳалласида яшовчи Муҳаммадзиё Қўқонбоев дастлаб қизида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун ёрдам сўраб келган эди. Мулоқот асносида унинг бир талай муаммолари чиқиб келди. Энг катта масала эса унинг ишсизлиги эди.
Халқ қабулхонаси ходимлари мурожаатчига қонуний ёрдам бериш учун ишни қонуний асос яратишдан бошлашди. Фарғонадан пойтахтга куёв бўлган бу йигит дастлаб оиласи билан расман никоҳдан ўтказилди. Сўнг шу асосда доимий пропискага қўйилди. Доимий пропискали бўлгач, “Ёшлар дафтари”га киритилди. “Ёшлар дафтари”да тургани боис “Меҳр ва саховат” жамғармасидан қизини даволатиши учун маблағ ажратилди. Қизча соғайди. Яқинда улар хонадонидаги бўш турган икки хона “уй меҳмонхонаси” сифатида расмийлаштирилган бўлса, бугун Муҳаммадзиёга автомобилларга хизмат кўрсатишни йўлга қўйиши учун зарур иш анжомлари олиб берилди. Энди бу ёш оиланинг иккита даромад манбаи пайдо бўлди.
Мурожаатлар асосида тадбиркорлик йўналишидаги кўплаб масалаларга ечим топилаётгани янги-янги иш ўринлари яратиш имконини ҳам бермоқда. Мирободлик тадбиркор Баҳодир Қосимов эса Миробод туманидаги Халқ қабулхонаси ва сектор раҳбарларининг сайёр қабулида туманнинг Минг ўрик маҳалласида ташкил этган меҳмонхонасини жиҳозлаш учун кредит олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Мурожаатдан сўнг бу масала ўрганилиб, ҳал қилинди: тадбиркорга 1 миллиард 900 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилгач, меҳмонхона жиҳозланиб, фаолияти йўлга қўйилди, 20 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Яшнободлик тадбиркор Рустам Шавкатов ҳам яқинда худди шундай сайёр қабулда туманнинг “Уйсозлар” маҳалласидаги бўш турган бинони қайта таъмирлаб, тикувчилик корхонаси ташкил қилиш ташаббуси билан чиққан эди. Мурожаатдан сўнг ёш ишбилармон ва аёлига 66 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Шу маблағ эвазига мўъжаз корхона фаолияти йўлга қўйилиб, 20 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. Айни кунларда улар дастлабки буюртмаларни тайёрлашга ҳам улгурди.
Мирободлик 22 йиллик иш тажрибасига эга тикувчи Гулбаҳор Турсунованинг кўп йиллик орзуси ҳам шу кунларда ушалди. Аёлнинг тикувчилик бўйича ўқув маркази очиш бўйича мурожаатидан сўнг “Иноқобод” маҳалла фуқаролар йиғини биносидан жой, 60 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди, 12 та тикув машинаси олиб келинди. Энди бу ерда ишсиз хотин-қизлар тикувчилик сирларини ўрганади, ишлаб даромад топади.
Умуман, Халқ қабулхоналари ва секторларнинг маҳаллага тушиб ишлаётгани, маҳаллани фуқаролар ўз фикри, таклиф ва тавсияларини эркин айтадиган, муаммосига самарали ечим топадиган чинакам халқчил тузилмага айлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида 15 йиллик тажрибага эга тадбиркор Ҳасан Гасанов эса шу йилнинг 25-27 май кунлари пойтахтимизда ўтказилган оммавий қабулларда Мирзо Улуғбек туманидаги турар жойини нотурар жойга айлантириш бўйича мурожаат қилган эди. Сабаби – объектни қайта лойиҳалаш, реконструкция қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни бироз чўзилган экан.
Мурожаатдан сўнг Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасининг яқинда берган хулосасига кўра, мазкур объектнинг ихтисосини ўзгартириш, турар жой тоифасидан нотурар жой тоифасига ўтказиш ва реконструкция қилиш учун тегишли рухсатнома берилди. Масала ижобий ечим топди.
Сергелилик Убайдулла Зуҳруллаев чармгар уста. Ҳунармандларнинг 3-авлоди. Чармдан ортопедик пойабзаллар тайёрлайди. Уста анчадан бери ўз фаолиятини кенгайтиришни ўйлаб юрган эди. Унинг ўзи яшаётган кўпқаватли уй ертўласидан жой ажратишни сўраб мурожаат қилишидан мақсад ҳам шу бўлди. Масала жойига чиқиб ўрганилгач, жойида ҳал қилиб берилди. Бугун Зуҳруллаевлар оиласи мўъжаз устахонасида меҳнат билан банд.
Ҳа, инсон ўзи уддалай олмаган ҳар қандай масалага давлат ва жамиятдан ёрдам кутади. Энг оғир паллада кўмак қўллари чўзилганда эса қалбида шаъмдек ёниб турган умид чўғлари алангаланади, эртанги кунга ишонч мустаҳкамланади. Сергелилик Осиё Ҳасанова ҳаётида ҳам шундай бўлди. Аёл 13 ёшли қизи Лолада буйрак кўчириш билан боғлиқ мураккаб жарроҳлик амалиёти учун имкон тополмади. Оғир ўйлов елкасини юкдек босиб тураверди. Осиё опа Сергелидаги сектор раҳбарларининг сайёр қабулида шу масалада ёрдам сўраб мурожаат қилгач, унинг ҳаётидаги катта муаммо тезда ҳал қилиб берилди. “Меҳр ва саховат” жамғармасидан зарур маблағ ажратилди, Лолага ўз акаси буйрагини берди. Муваффақиятли жарроҳлик амалиётидан сўнг Лола ва акасининг соғлиғи тикланди. Она учун эса фарзандларининг саломатлигидан ортиқроқ бахт йўқ...
Юнусободлик Динара Маҳмудова ҳам пойтахтимиздаги оммавий қабулга онаси Рабича Тўхтабоеванинг жарроҳлик амалиёти учун ёрдам сўраб келган эди. 2019 йилдан бери бўғим яллиғланиши хасталиги билан оғриган аёлнинг оилавий шароити, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги инобатга олиниб, Рабича опага Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилиши учун йўлланма берилди. Маҳаллий ҳокимлик протез учун маблағ ажратадиган бўлди.
Яшнободлик Гулчеҳра Назармуҳаммедованинг ҳам худди шундай мурожаатидан сўнг 15 йилдан буён онкологик хасталик билан оғриган онасига ногиронликни белгилаш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Албатта, бир кунлик кўрганларимиз – халқ билан доимий мулоқотни таъминлаш борасида йўлга қўйилган яхлит тизим бераётган реал натижалардан бир шингил, холос. Давлатимиз раҳбарининг “Инсон қадри учун” ғояси аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг пировард мақсадига айланиб бораётгани эса халқчил ва инсонпарвар давлат барпо қилишдек буюк мақсадларга хизмат қилади.