Бу йил пахта далаларини кезар экансиз, ўзгача руҳиятни, янгича муҳитни ҳис қиласиз. Мамлакат аграр соҳасининг асосий тармоғи ҳисобланган пахтачиликни ислоҳ қилиш юзасидан олиб борилаётган тизимли ишлар самарасига гувоҳ бўласиз.
Бу бежиз эмас. Пахта хом-ашёсига давлат буюртмасининг бекор қилиниши, қатъий нарх белгилаш амалиётидан воз кечилиши, соҳада хўжалик юритишнинг бозор муносабатларига мос янги кластер тизимининг жорий этилиши – хуллас, пахта етиштирувчиларда моддий манфаатдорликнинг ошиши пахтачиликка янгича кайфият олиб кирди.
Рақамларга мурожаат қилайлик:
Жорий йилда 140 та пахта-тўқимачилик кластерлари ва 32 мингга яқин фермер хўжаликлари томонидан 136 та туманда 1 млн 12 минг гектарда соҳа олимлари тавсиялари асосида ҳудудларнинг табиий иқлим шароитига мос 28 та районлашган ва 17 та истиқболли ғўза навлари экилди.
Серҳосил ва тола сифати юқори 8 та (С-8290, С-8286, С-01, Равнақ-2, С-6775, Манғит-1, Шаҳрисабз-1, Термиз-202) ғўза навлари майдони 157 минг гектарга (112 %) кенгайтирилди ва эртапишар навлар майдони 78 фоизга етди.
Пахтакорларга давлат томонидан молиявий кўмак ўз вақтида, тўлиқ суратда кўрсатилди, жумладан пахта етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказиш мақсадида, пахта-тўқимачилик кластерларига Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан жорий йилнинг ўзида қарийб 10 трлн сўм (ўтган йилдагига нисбатан 20% кўп) маблағ ажратилди.
Қолаверса, уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари кластерлар томонидан фермер хўжаликларига устама қўлламасдан, яъни ўтган йилга нисбатан 15-20 фоиз паст нархларда ўз вақтида етказиб берилди.
Мисол учун, фосфорли ўғитлар 20-25 фоизгача, ёқилғи мойлаш материаллари 20-22 фоизгача арзонлаштирилган ҳолда етказиб берилганлиги пахта етиштириш харажатларини камайтириш имконини берди.
Пахта хом ашёси таннархининг камайиши ўз навбатида уни сотиб олиш баҳосини 20 фоизгача пасайишига олиб келди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жаҳон бозорида пахта толасининг котировка баҳоси таҳлил қилинганда, бугунги кунда бир тонна пахта толасининг ўртача баҳоси 24-25 млн сўмга ёки бир тонна пахта хом ашёсининг баҳоси ўртача 8,0-8,3 млн сўмга тўғри келмоқда.
Сўнгги йилларда замонавий технологиялардан фойдаланишга эътибор берилди. Чунончи, жорий йилнинг ўзида пахта майдонларининг 80 минг гектарида томчилатиб суғориш тизими жорий этилди ва 111 минг гектари лазерли текисланди.
Натижада, 250 минг гектар майдонда замонавий сув тежовчи технологиялар асосида пахта етиштирилди ва 300 минг гектар майдонда ер текисланиб юқори сифатли агротехника жорий этилди.
Соҳага замонавий агротехник тадбирлар ҳамда ресурс тежамкор инновацион технологияларнинг кенг жорий этилиши натижасида, пахта ҳосилдорлиги ўтган йилга нисбатан 4 ц/га ошиши ва ўртача 38 ц/га га етказилиши ҳисоб-китоб қилинди.
Мамлакатимиз иқлими кескин ўзгарувчан бўлиб, кузги ёғин-сочинли кунлар эрта келиш эҳтимоли юқори. Йиғим-терим мавсумида об-ҳавонинг серёғин келиши терим ишларини сезиларли қийинлаштириши сир эмас.
Шунинг учун, деҳқонларнинг йил бўйи қилган заҳматли меҳнати ҳисобланган пахта ҳосилини ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан қисқа муддатларда сифатли йиғиб-териб олиш ўта муҳим тадбир ҳисобланади.
Жорий йилда пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан тизимли ташкил этиш учун, тажрибали ва миришкор фермерлар ёз кунларидан тайёргарлик кўриб, эртаки пахта етиштириш билан бирга, даладаги ҳосилни йиғиб-териб олиш учун теримчиларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратишди.
Бунинг учун, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кластерларга 4,9 трлн. сўм маблағ йўналтирилиши белгиланди.
Терим ишларини жадаллаштириш тизимли тарзда амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги уч йилда пахта хом-ашёсини механизациялаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор тегишли қарорлари қабул қилиниб, пахта ҳосилини машина ёрдамида йиғиб-териб олувчи фермер хўжаликлари ва кластерларга бир қатор имтиёзлар берилди.
Мазкур қарорлар натижасида, 2020-2023 йилларда 515 та юқори унумли пахта териш машиналари харид қилинди ва пахта ҳосилини машинада териб олишнинг механизация даражаси 8 фоиздан 30 фоизга етди.
Натижада, жорий йил мавсумида 1047 та пахта териш машиналари билан 1 млн тонна ёки 28 фоиздан ортиқ пахта хом ашёсини териб олиш имкони яратилди.
Айрим ҳудудларда механизатор операторлар суткасига 20-22 соат ишлаб, 65-70 тоннагача пахта теришмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоятининг омилкор деҳқонлари республикада биринчи бўлиб, 268 минг тонналик улкан хирмонни яратиб, ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб-териб олдилар.
Шунингдек, 10 та туманда фермерлар (Олтинсой, Термиз, Қизириқ, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Музработ, Бандихон, Ангор, Шўрчи, Шеробод) ўз режаларидан ортиқроқ ҳосил териб олиб, ҳосилдорликни гектаридан ўртача 38-40 центнерга етказдилар.
Айниқса, ғўзадаги кўсакларни имкон қадар кўпроқ очилтириб теримни ташкил этаётган пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари юқори натижаларга эришмоқда.
Жумладан, Жарқўрғон ва Қумқўрғонда «Тermiz Jayhun Textile Cluster», Шўрчи туманидаги «Sho'rchi indenim cluster», Қизириқда «Surxon Cotton Textile Cluster», Ангорда «Zamin Аngor», Шерободда «Fortres», Деновда «Surxon Sifat Textile», Боғотда «Коbотеx», Бандихонда «Bаndixon Textile Cluster», Музработда «Muzrabot Indenim Cluster,» Балиқчида «Skorton tekstil» пахта-тўқимачилик кластерлари гектаридан 38-40 центнер ҳосил олиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда.
Шунингдек, пахта теримининг аниқ тизим асосида ташкил этилиши натижасида, бугунгача 31 минг нафардан ортиқ фермер хўжаликларининг 18 мингтаси ёки 60 фоизида кўзланган режа ортиғи билан бажарилиб, ҳосилдорлик 40-45 ц/га ни ташкил этди.
Айниқса, 65 та фермер хўжаликларида 55-60 центнердан, 123 та фермер хўжаликларида 50-55 центнердан, 238 та фермер хўжаликларида 45-50 центнердан, 476 та фермер хўжаликларида 40-45 центнердан пахта ҳосили етиштирилиб, юқори даромад олишга эришди.
Жумладан, Олтинсой туманида «Ботош лочини», Музработда «Худойбердиев Йўлдош», Узунда «Адолат Қудрат Тимсоли», Олтинкўлда «Бахт имкон ривожи», Андижонда «Ҳосилдор замин обод», Балиқчида «Бурхон», Ромитанда «Козимбобо», Вобкентда «Робия Марям Ойбек», Қоракўлда «Самад Бешим», Дўстликда «Эшниёз бобо», Пахтакорда «Шер Улуғ Жахон», Мирзачўлда «Арслон Шер», Қамашида «Йигитали», Қаршида «Майдонов Умиджон», Карманада «Истиқбол», Навбаҳорда «Сафо Севди», Попда «Фозилжон Мухаммаджон», Уйчида «Миришкор Ғайрат», Норинда «Неъматжон қизи Гавхарой, Нарпайда «Нафисгул орзу» Каттақўрғонда «Рашидов Ш», Оқдарёда «Бузрук бобо», Боёвутда «Боёвутлик Хумоюн», Шайзоқ ота», Сайхунободда «Холбой ота», Янгибозорда «Хоразм фахри», Хивада «Машарип ўғли Собир», Боғотда «Холмурод ўғли Мансур», Ёзёвонда «Акмал Акрам файз», Бувайдада «Нозимжон Озодабону» каби фермер хўжаликларида юқори ҳосил етиштиришга эришишди.
Жорий йилда етиштирилган пахта ҳосилини сифатли қабул қилиш ва топширувчи ҳамда қабул қилувчилар ўртасида юзага келадиган низоли ҳолатларни адолатли ҳал этиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази вакиллари билан биргаликда ҳудудлардаги 384 та пахта тайёрлов масканларида пахта хомашёсини қабул қилишда низоли ҳолатларни адолатли ҳал этиш учун 39 та мобил арбитраж гуруҳлари ташкил этилди.
Натижада пахта қабул қилиш пунктларида белгиланган тартибда лабораториялар таҳлиллари асосида сифатли пахта хомашёси қабул қилишга эришилди.
Энг асосийси, бугунги кунда терилган пахта хомашёсининг 98 фоиздан ортиғи юқори нав ва классларга (1-нав, 1-2- классларга) сотилди. Бу ўз навбатида пахта етиштирувчиларнинг иқтисодий манфаатдорлигини яхшиланишига олиб келади.