Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 02/06/2021 ПАРЛАМЕНТ ФОРУМИ: Ногиронлар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва қийноқларга қарши курашиш истиқболлари
ПАРЛАМЕНТ ФОРУМИ: Ногиронлар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва қийноқларга қарши курашиш истиқболлари

2-3 июнь кунлари Тошкентда “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишда парламентнинг роли: ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва қийноқларга қарши курашиш” мавзуида Парламент Форуми ўтказилди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси минтақавий ваколатхонаси, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури ва Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Икки кунлик Форумда учта муҳим мавзу муҳокама қилинди. Булар – биринчидан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича тизими фаолиятида парламентнинг иштироки; иккинчидан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишнинг аҳамияти; учинчидан, Қийноқларга қарши конвенцияга Қўшимча протоколни ратификация қилиш орқали қийноқларни бартараф этиш масалаларидир.

Тадбир давомида халқаро ва миллий экспертлар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва БМТ шартномавий органлари билан ҳамкорлик, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилиши ҳамда миллий превентив механизм салоҳиятини кучайтириш бўйича илғор тажрибалар хусусида сўз юритди.

 Форумда асосий эътибор Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссиясининг БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича асосий механизмлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тавсияларни бажариш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, мамлакат парламенти таркибидаги мазкур янги Комиссия Парламентлараро Иттифоқнинг 2020 йил 25 сентябрдаги тавсиялари доирасида ташкил этилган. Парламент комиссияси мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси амалга оширилишига кўмаклашмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида алоҳида ваколатга эга бўлган янги Парламент комиссиясининг ташкил этилиши – Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига содиқлигини тасдиқлайдиган дадил сиёсий қадамдир. Бу амалий қадам:

 

биринчидан, мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришда парламентнинг ролини янада кучайтириш ва бу борада парламент назорати самарадорлигини ошириш;

иккинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий сиёсатнинг парламент томонидан мувофиқлаштирилишини такомиллаштириш, парламент Омбудсмани, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий муассасалар ва фуқаролик жамиятининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик ва маслаҳатлашувларни кучайтириш;

учинчидан, парламентнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва парламентлараро ҳамкорлигини фаоллаштириш, хусусан, БМТнинг шартномавий органлари, Парламентлараро Иттифоқнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тузилмалари фаолиятида иштирок этиш борасида муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслар кенг жамоатчилик ва жаҳон ҳамжамияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда, деди А.Саидов. Бундай ижобий ҳолат, бир томондан, Ўзбекистон давлатимиз раҳбари белгилаб берган миллий тараққиёт йўлидан дадил бораётгани, бошқа томондан, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи тобора ошаётганидан яна бир ёрқин далолатдир.

 Яқинда, 29 май куни Олий Мажлис Сенати мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган "Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

Мазкур Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча кафолатлар яратиш, қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар учун тенг имкониятларни таъминлаш борасида давлат органларининг масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.

Марказ директори қийноқлар қўлланилишига қарши курашиш масаласига ҳам тўхталар экан, Ўзбекистонда халқаро мажбуриятларни, шунингдек БМТ устав ва шартнома органлари тавсияларини бажариш доирасида қийноқларга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишга устувор эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Қийноқларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида Европа экспертлари иштирокида жиноят қонунчилигида "қийноқлар" тушунчасини янада такомиллаштириш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий профилактика механизмини яратиш юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқларини, шу жумладан қийноқлардан озод бўлиш ҳуқуқини таъминлаш масаласини фаол қўллаб-қувватламоқда.

Форумда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ришард Коменда иштирок этди ва сўзга чиқди.

“Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан ҳамкорликни изчил кенгайтираётганини ҳамда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва Қийноқларга қарши конвенцияга Факультатив протоколни ратификация қилиш ва амалга ошириш йўлида дадил иш олиб бораётганини кўриб турибмиз, – деди Р.Коменда.  – Биз парламентнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги роли мустаҳкамланишини қўллаб-қувватлаймиз ва бу жараёнга фуқаролик жамиятини янада кенг жалб этишга чақирамиз”.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг