Паралимпия ўйинларининг дзюдо бўйича вазни 73 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларда Феруз Саидов кубалик Херардо Родригес устидан зафар қучиб, бронза медалини қўлга киритди.
Дзюдо бўйича хотин-қизлар ўртасида 63 килограмм вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Турсунпошша Нурметова швециялик Николина Пернхаймни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди, деб хабар беради ЎзА.
Шунингдек, ўн метрдан пистолетда ўқ отиш баҳсларида иштирок этган Сервер Ибрагимов 172.1 очко тўплаб, терма жамоамизга яна бир бронза медалини келтирди.
Паралимпия ўйинларининг иккинчи кун якунига кўра Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобида 3 олтин, 2 кумуш ва 6 бронза медаль бор.
10 сентябрь куни бўлиб ўтадиган баҳсларда дзюдо бўйича Шуҳрат Бобоев, Ширин Шарипов, Одил Тулендибоев, Гулруҳ Раҳимова, Ҳайитжон Алимов, енгил атлетика бўйича Миран Сахатов, Дониёр Солиев, сузиш бўйича Фирдавс Мусабеков, Дмитрий Хорлин, Фотимахон Омилова, Шоҳсанам Тошпўлатова иштирок этади.