Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 12/10/2016 O‘zLiDePнинг VIII Съезди 19-октябрь куни бўлади
O‘zLiDePнинг VIII Съезди 19-октябрь куни бўлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 11-октябрида Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия ҳаётига даҳлдор бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, партиянинг босма органи бўлмиш “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси фаолиятини янада жонлантириш, тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга қаратилган масалаларни кенгроқ ёритиш борасидаги ишларни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилиш иштирокчилари кейинги вақтда мамлакатда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик олдида турган тўсиқларни бартараф этиш борасида кескин ижобий ўзгаришларга сабаб бўлаётган муҳим қарорлар қабул қилинаётганлигига алоҳида аҳамият қаратишди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши бу борада мисли кўрилмаган катта қадам бўлганлигига урғу берилди. Бундай шароитда тадбиркорларнинг номидан сиёсий майдонда фаолият юритаётган партиянинг бош органи ўз фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиши лозимлиги таъкидланди.

Партия газетасида мавжуд рукнларни қайта кўриб чиқиш, замон талабларига мос келмайдиган мавзуларни ёритишдан воз кечиш, бугунги кун тадбиркорини ўйлантираётган долзарб йўналишларга устувор аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан бу борада аниқ таклифлар ўртага ташланди.

Муҳокама қилинаётган масалалар доирасида йиғилиш иштирокчилари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Уставига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича ишчи гуруҳининг ҳисоботини тинглашди.

Маълумки, партиянинг шу йил 16-сентябрида бўлиб ўтган йиғилишида O‘zLiDePнинг навбатдаги Съезди кун тартибига партия Уставига ўзагартириш ва қўшимчалар киритиш масаласини ҳам киритиш борасида қарор қабул қилинган эди.

Бу борада тузилган ишчи гуруҳи томонидан шу кунларда партия ҳудудий кенгашларида бўлиб ўтаётган конференцияларда партия фаоллари томонидан бир қатор фикрлар билдирилаётгани, ишчи гуруҳига кўплаб таклифлар келиб тушаётгани қайд этилди.

Куни кеча ўз ишини якунлаган ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларида билдирилган барча таклифларни чуқур таҳлил этиш ва умумлаштириш учун қўшимча вақт талаб этилиши айтиб ўтилди.

Бу борада сўзга чиққан Ижроия қўмитаси аъзолари партия Уставига ўзгартириш ва қўшимчаларни тайёрлаш масаласида шошма-шошарликка йўл қўйиб бўлмаслиги, келиб тушган таклифларни атрофлича ўрганиб чиқиш учун Ишчи гуруҳига қўшимча вақт бериш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида фикр билдиришди.

Ижроия қўмитаси аъзолари томонидан партия Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи O‘zLiDePнинг навбатдаги Съезди кун тартибига киритилганлиги, лекин масала юзасидан партия фаолларидан, ҳудудий кенгашлардан келиб тушаётган таклифларни атрофлича ўрганиб чиқиш қўшимча вақт талаб этаётганлигидан келиб чиқиб Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII Съездини ўтказиш муддатини 14 октябрдан 19-октябрга кўчириш тўғрисида таклиф билдирилди.

Тадбир қатнашчилари таъкидлаб ўтганларидек, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгашининг Ижроия қўмитаси партия Устави ҳамда партия Сиёсий Кенгашининг V йиғилиши қарори билан юклатилган ваколат доирасида Съезд кун тартибига киритилган масалаларнинг сифатли тайёрланишини таъминлаш мақсадида шундай қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Йиғилишда партиянинг навбатдаги Съездида O‘zLiDePнинг яқинлашиб келаётан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида иштироки билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилиниши белгилаб қўилганлиги, лекин шунга қарамасдан уни ўтказиш муддатларининг бир мунча сурилиши бу жараёнга мутлақо таъсир қилмаслиги ва Ўзбекистон сайлов қонунчилиги билан белгиланган муддатларда амалга оширилаётганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмита йиғилишида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг