Валюта курслари 27/12/2024
$1 – 12920.48
UZS – -0.06%
€1 – 13436.01
UZS – -0.19%
₽1 – 130.17
UZS – 0.39%
Қидириш
Ўзбекистон 03/10/2016 O‘zLiDePнинг барча туман (шаҳар) ташкилотларида конференциялар бўлиб ўтмоқда
O‘zLiDePнинг барча туман (шаҳар) ташкилотларида конференциялар бўлиб ўтмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ шу кунларда партия туман (шаҳар) Кенгашларининг конференциялари ўтказилмоқда. Тадбирларда партия вилоят Кенгашлари конференцияларига делегатларни сайлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясида партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Қашқадарёда ҳам ушбу муҳим тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Хусусан, O‘zLiDeP Муборак туман Кенгаши конференцияси ишчанлик руҳида ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг тегишли қонунларга мувофиқ тарзда, демократик тамойиллар асосида ўтишини таъминлаш мақсадида жойларда партия электорати ва аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориш, барча партия фаолларини бу жараёнда бор салоҳиятни ишга солган ҳолда фаол қатнашиш лозимлиги қайд этилди.

Конференцияда сўзга чиққан партия фаоллари Президент сайловини Конституция ва миллий қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган халқаро андозалар даражасида ўтишини таъминлаш учун пухта ҳозирлик кўриш, партия электорати сафини фаол ёшлар, илғор фермер ва тадбиркорлар ҳисобига янада кенгайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Анжуман ниҳоясида O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгашининг IХ конференциясига делегатлар сайланди.

Партиянинг Андижон вилоят Кенгашидаги туман (шаҳар) партия ташкилотларининг конференциялари ҳам самарали ташкил этилмоқда. Партия Балиқчи туман Кенгашининг навбатдаги конференциясида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

– Президентлик сайлови партиямиз ҳаётидаги ниҳоятда муҳим сиёсий синов ҳисобланади, – дейди партия туман ташкилоти конференцияси делегати Махпузахон Юсупова. – Шунинг учун ушбу муҳим сиёсий жараёнда O‘zLiDePнинг барча бўғинларидаги фаоллар, шунингдек, электорат вакиллари жуда фаол қатнашишлари керак. Зеро, сайловлар сиёсий партиянинг жамиятдаги нуфузи ва ўрнини намоён этади.

Балиқчи тиббиёт коллежи 3-босқич ўқувчиси Гулираъно Ғуломова Президентлик сайловида мустақиллик йилларида вояга етган, интеллектуал салоҳиятли ёшларимиз ҳам иштирок этиши ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган ҳикматли сўзларини ҳаётга татбиқ этишда куч ва салоҳиятини аямаслигини айтиб ўтди. Шунингдек, партия аъзоси сифатида ёшлар, аёллар ўртасида сайловга оид тарғибот ишларини олиб боришда фаол қатнашаётганини билдирди.

Йиғилишда партия Андижон вилоят конференциясига 10 нафар вакил сайланди.

Партия Наманган вилоят кенгаши конференциясига делегатлар сайлаш масаласи қизғин муҳокама қилинмоқда. O‘zLiDeP Мингбулоқ, Чортоқ, Чуст ва Янгиқўрғон туман ташкилотларининг конференцияларида бошланғич партия ташкилотлари умумий йиғилишларида сайланган 200 нафардан ортиқ делегат ва партия фаоллари қатнашди. Улар шу йилнинг 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳозирлик кўриш, бу борада тарғибот ишларини мунтазам олиб бориш ва энг муносиб сафдошларимизни вилоят партия ташкилоти конференциясига делегат этиб сайлаш масалаларини муҳокама этдилар.

Энг фаол, ташаббускор ва фидойи партия аъзоларидан 39 нафарига вилоят партия ташкилотининг X конференциясида делегат сифатида қатнашиш ваколати берилди.

O‘zLiDeP ҳудудий кенгашлари Матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг