Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 30/06/2016 O‘zLiDePда экспертлар навбатдаги қонун лойиҳасини муҳокамa қилишди
O‘zLiDePда экспертлар навбатдаги қонун лойиҳасини муҳокамa қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Истиқлол йилларида мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида атроф муҳитни муҳофаза қилишга, табиий ресурслардан, шу жумладан, биологик ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган изчил ижтимоий-иқтисодий ва экологик сиёсатни амалга ошириб келмоқда.

Мазкур таъмойиллардан келиб чиқиб, бугунги кун талабларини инобатга олган ҳолда экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти, соҳага тааллуқли қонунлар ижроси устидан парламент назорати ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш, қабул қилинаётган қонунлар сифатини юксалтириш, қонун лойиҳалари, жамоатчилик орасида уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятининг кенг муҳокамасини таъминлаш, мазкур жараёнга олимлар ва мутахассисларни жалб этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Шу маънода 2016 йил 29 июнь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси, партиянинг Олий мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида “Демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, унинг рақобатбардошлигини оширишга оид қонун лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб амалий мулоқот ўтказилди.

Унда ушбу соҳада қонунни қўллаш амалиёти, асосий тушунчаларни аниқ белгилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ваколатларини аниқ белгилаб қўйиш, ёввойи ҳайвон турларини, зоологик коллекцияларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тартиби тўғрисида ҳамда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

  Тадбирда иштирок этган соҳа мутахасислари ва экспертлар экологик хавфсизлик, атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, флора ва фауна дунёсини асраб-авайлашда жамоатчилик ролини янада ошириш, фуқаролик жамияти институтларини янада фаол жалб қилиш муҳим масала ҳисобланишини алоҳида қайд этишди. Сабаби ҳайвонот дунёси инсон учун катта маданий, илмий, эстетик, тарбиявий, иқтисодий аҳамиятга эга. Кейинги йилларда тўқайзорлар майдонларининг 10 баробарга қисқарганлиги, Ўзбекистон фаунасининг ноёб турларидан саналган сайғоқлар сонининг 25 баробарга камайиб, ҳозирги вақтда 5-7 минг бошни ташкил этиши кузатилмоқда. Экотизимларнинг емирилишга мойиллиги, табиат объектларининг кучсиз табиий қайта тикланиши ва такрор кўпайиши, шунингдек, инсон фаолиятининг табиий мажмуаларга сезиларли салбий таъсири республикада ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишнинг зарурлигини ва ўта муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

Амалий мулоқотда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, амалдаги “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, ўтган давр мобайнида соҳага оид 30 га яқин норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатлар қабул қилинди. Қонун ижодкорлари янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу қонуности хужжатларидаги кўплаб нормаларни қонун матнига сингдиришди. Бу эса келажакда ҳуқуқни қўллаш амалиётида соҳа ходимлари ва фойдаланувчи фуқаролар учун қулайлик яратади.

Атрофлича муҳокама этилаётган янги таҳрирдаги қонунда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишнинг аниқ йўлларини ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турларини сақлаб қолиш бўйича асосий талабларни, ҳайвонот дунёсинидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш ва тақиқлаш тартибини белгилашга, ҳайвонот дунёсидан, шу жумладан ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатномалар бериш тартибини аниқлаштиришга қаратилган бир қатор таклифлар инобатга олинган.

— Мазкур қонун асосида мамлакатимиз фаунасини муҳофазалаш, ҳайвонот оламидан оқилона фойдаланиш, жонзотларнинг яшаш муҳитини сақлаб қолиш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга ошириш кўзда тутилган, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Дилором Файзиева. —Бу каби саъй-ҳаракатлар экологик муҳит барқарорлигини таъминлаш, ноёб ҳайвонлар турларини асраш ва кўпайтириш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш имконини беради. Шунингдек, бугунги кунда ҳайвонот дунёсидан ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланувчиларнинг аксариятини партия электорати - тадбиркор ва фермерлар ташкил этади. Шу нуқтаий назардан келиб чиқиб, айтиш лозимки, уларга солиқ ва бошқа бир қатор соҳаларда имтиёзлар бериш орқали ҳам уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга эришамиз, ҳам ҳайвонот дунёсини муҳофазасини кучайтирамиз.

Амалий мулоқот давомида экспертлар ва тадбир иштирокчилари томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштиришда инобатга олиш учун бир қатор муҳим фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг