Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Ўзбекистон 23/02/2016 O‘zLiDeP ёшларда интернет маданиятини шакллантиришга эътибор қаратмоқда
O‘zLiDeP ёшларда интернет маданиятини шакллантиришга эътибор қаратмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши томонидан “Хавфсиз интернет” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини кафолатлайдиган миллий ахборот хавфсизлигининг шаклланганлиги” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутатлари, вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда ёшларда ахборот олиш ва узатиш маданиятини шакллантириш, интернетнинг салбий жиҳатлари ва унинг оқибатлари, интернетдан тўғри ва мақсадли фойдаланишга ўргатиш ва бу борада партиянинг ўрни ва ролини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир ташкилотчиларининг таъкидлашича, бугун интернет тармоғи энг оммабоп ва тезкор ахборот тарқатиш воситасига айланиб улгурди. Шу боисдан ҳозирда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этишини инобатга олган ҳолда, уларни интернетдан тўғри мақсадда фойдаланишга ўргатишда партиянинг ёшлар билан ишлаш бўлими томонидан кенг кўламдаги ишлар ҳаётга татбиқ этилаётир. Зеро, глобаллашув жараёни чуқурлашаётган бир шароитда ёшларни ижтимоий тармоқлардаги салбий ахборотлар таъсиридан асраш, нафақат партия вакилларининг балки ҳар бир фуқаронинг энг асосий бурчи ҳисобланади.

– Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида вояга етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар навқирон авлод вакилларини дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқаришга, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP Фракцияси аъзоси Абдуллажон Хамрақулов. – Шу мақсадда бугун партия томонидан ташкил этилаётган давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотларда йигит-қизларнинг интернет орқали тарқатилаётган турли ғаразли ахборотларга алданиб қолишининг олдини олиш, замонавий хавф-хатарларга қарши маънавий-маърифий иммунитетини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Зотан, инсон онги ва қалби учун кечаётган курашларда ёшларда Ватанга муҳаббат, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш энг долзарб вазифалар сирасига киради. Шу сабабдан бугун жойлардаги таълим муассасаларида замонавий компьютер технологиялари чуқур ўргатилиб, уларнинг ZiyoNet тармоғи ва бошқа миллий сайтлардан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда, интернет кафе ходимлари учун ёшлар онгу тафаккурига салбий таъсир кўрсатувчи ўйинларни чеклаб қўйиш юзасидан тегишли тавсиялар берилмоқда. Фикримча, бу ҳаракатлар келгусида ўз самарасини бериш баробарида, ёшларда интернетдан тўғри фойдаланишга кенг замин яратиши шубҳасиз.

Тадбирда шунингдек, жорий йилда мазкур лойиҳа доирасида ёшларда интернетдан тўғри фойдаланиш маданияти ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ахборотларни бериб бориш, шунингдек, ёшларнинг интернет манбаларидан фойдаланиш даражасини ўрганишга қаратилган сўровномалар ўтказилди. Унда ёшлар муҳокама этилаётган мавзу ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Давра суҳбати якунида Андижон вилоят ИИБ Тероризмга қарши кураш бўлими томонидан “Сўқирнинг пушаймони” мавзуидаги видеофильмнинг намойиш этилиши ёшларда жуда катта таасурот қолдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг