Валюта курслари 24/12/2024
$1 – 12902.00
UZS – 0.07%
€1 – 13428.40
UZS – 0.31%
₽1 – 127.60
UZS – 1.3%
Қидириш
Иқтисод 15/08/2016 O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”: биз мустақил юртнинг мустаҳкам қанотларимиз!
O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”: биз мустақил юртнинг мустаҳкам қанотларимиз!
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” эзгу ғояси остида Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми ўтказилди.

Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 200 нафардан ортиқ ёш тадбиркор ва фермер, шунингдек, 50 нафарга яқин партия депутатлик корпуси, барча партия ҳудудий кенгашлари, тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этгани, ушбу тадбирнинг кенг миқёсли эканлигидан далолат беради. Форум ишини 30 нафардан ортиқ оммавий ахборот воситалари мунтазам ёритиб борди.

Форум Ўзбекистонда мустақиллик йилларида кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотларнинг амалий натижаларини ва бу ислоҳотларнинг яққол самараси сифатида мамлакатда ёш мулкдорлар қатлами – ёш тадбиркорлар ва ёш фермерларнинг авлоди шаклланганлигини тарғиб қилиш ва ёш тадбиркорлар ва фермерлар учун мулоқот майдонини яратиш мақсадида ташкил этилди.

Сўз – форум иштирокчиларига

Сарвиноз ШОКИРОВА, “Сарвиноз Собиржоновна Файзи” фермер хўжалиги раҳбари, Сирдарё вилояти

– Бир пайтлар аёл кишининг фермерлик фаолияти билан шуғулланиши ғайриоддий ҳодисадек туюлар эди. Аммо шижоат ва кучли истак мени ер билан тиллашишга ундади. Ҳозирги кунда пахта, ғалла, пилла етиштириш билан бирга, боғдорчилик билан ҳам шуғулланаман. Фермер хўжалигимни икки ишчи билан бошлаганман. Ҳозирда уларнинг сони 15 нафарни ташкил этади.

Келажакда сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган, нон маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган цех ташкил этмоқчиман.

Форумда фермер хўжалиги фаолиятини янада ривожлантириш, жорий этилган имтиёз ва преференциялар ҳақида бот-бот такрорланди. Жумладан, кўп тармоқли фермер хўжалигининг афзалликлари, даромад олиш имкониятларининг кенглиги тўғрисида айтилган фикрлар фаолиятимда асқотишига ишонаман.

Назокат СОБИРОВА, тадбиркор, Термиз шаҳри

– Олти ёшимдан буён ўзбек миллий гиламлари, бежирим нақшли сумкалар тўқиб келаман. Юртимизда биз – ёшларга яратилган имкониятлар туфайли бугун мен ёш тадбиркорлар сафидан жой олдим. O`zLiDePнинг лойиҳалари эса ҳуқуқий билимларимнинг ўсишига, ишбилармонликнинг сир-асрорини ўрганишимга кўмак бермоқда. 2013 йилда O`zLiDePнинг “Ишбилармон талаба” танловининг республика босқичи ғолиби бўлганман.

Айни пайтда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, икки нафар коллеж битирувчисини иш билан таъминладим. 10 нафардан зиёд шогирдим бор. Келгусида катта корхона раҳбари сифатида кўплаб ёшлар бандлигини таъминлаш, ўз маҳсулотларимни хорижга экспорт қилиш ниятидаман.

Шуҳрат ТОШПЎЛАТОВ, фермер, Сурхондарё вилояти

– Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, фермерлик соҳасида фаолият кўрсатаётган йигит-қизлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Мен ҳам ана шундай ёшлар сафида эканимдан фахрланаман. 2012 йилда “Шуҳрат Мухторов” фермер хўжалигини ташкил этиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган эдим. Бугунга келиб, фермер хўжалигимизда чорвачилик ёрдамчи хўжалиги фаолиятини ҳам йўлга қўйганмиз, 28 бош наслли қорамол парвариш қилиняпти. 24 киши иш билан банд. Яқин орада фаолиятимизни янада кенгайтиришни режалаштир­япмиз. Наслли қорамоллардан олинаётган сутни ўзимизда қайта ишлашни йўлга қўйиш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан яқиндан мулоқот қиляп­миз. Бугунги форумда ўз бизнес режамни янада бойитишга, мутахассислардан тегишли маслаҳат олишга муваффақ бўлдим. Форум доирасида ўтказилган бизнес лойиҳалар тақдимоти менда янги ғоялар туғилишига сабаб бўлди.

Шоҳсанам СОДИҚОВА, “Умида нон” оилавий корхонаси раҳбари, Самарқанд вилояти

– Ўтган йили Иштихон транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежини тугатиб, “Умида нон” оилавий корхонасини очган эдим. Аввалига айрим муаммоларга дуч келганимда, уларни қандай бартараф этаман, дея иккиландим ҳам. Аммо яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши мени олға юришга ундади. Айни пайтда корхонада 10 нафар кишининг бандлиги таъминланган.

Бундан ташқари, O`zLiDeP томонидан ташкил этилган танловларда иштирок этиб, ўз билимимни синовдан ўтказдим. Жумладан, “Хавфсиз интернет”, “Диплом билан бизнесга – 2014”, “Мулкдор оила – 2015”, “Ишбилармон аёл – 2016” кўрик-танловларида совринли ўринларни қўлга киритдим.

Форумдан жуда катта таассурот билан қайтаяпман. Эндиликда тикувчилик цехини очиб, ушбу йўналишда ҳам муваффақиятларга эришиш асосий мақсадларимдан биридир.

Мухтасар айтганда, Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишланган ушбу форум ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган энг йирик партиявий лойиҳалардан бири бўлди. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, O‘zLiDeP томонидан ўтказилган Ёш тадбиркорлар ва фермерлар форуми ўз олдига қўйган мақсадига эришди. Тадбир нафақат мустақиллик шарофати билан яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган ёш тадбиркор ва фермерларнинг муваффақиятларини намойиш этиш, балки ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, ёш ишбилармонлар фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш йўлларини муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилди, ёш мулкдорларни янги-янги марраларга эришишга руҳлантириш, бу борада O‘zLiDeP фаолиятини янада такомиллаштириш имконини берди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг