O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Сардор Мариповнинг таъкидлашича, Форумнинг асосий мақсади ёш тадбиркорлар ва фермерлар қўлга киритаётган ютуқларни тарғиб қилиш, уларни янги марраларга ундаш ва улар учун мулоқот майдонини яратишдан иборат. Бугун минглаб ёш тадбиркорлар ва фермерлар Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда. Мамлакатимизда мавжуд жами тадбиркорлик субъектларининг 32 фоиздан ортиғини ёшлар бошқармоқда. Улар мамлакат иқтисодиётига ўз улушини қўшиш баробарида ўз тенгдошларини иш билан таъминлашга ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Республика ёш тадбиркорлар ва фермерлари форуми август ойининг биринчи декадасида “Бугун биз сафдамиз!” шиори остида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Форум ҳақидаги қўшимча маълумотларни www.uzlidep.uz веб-сайтидан олиш мумкин.