Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 02/08/2016 O‘zLiDeP: тадбиркор ва фермерларнинг очиқ мулоқот майдони
O‘zLiDeP: тадбиркор ва фермерларнинг очиқ мулоқот майдони
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган навбатдаги очиқ мулоқот “Мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам фермер хўжаликларига кредитлар ажратилиши борасидаги тўсиқлар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш тўғрисидаги маълумотлар билан ўртоқлашиш, тадбиркорлик субъектлари маҳсулотлари экспорти бўйича амалий ёрдам кўрсатиш” мавзуига бағишланди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, етакчи тижорат банклари ва бошқа ташкилот ва идоралар масъул ходимлари хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар хусусида сўз юритдилар, иштирокчилар саволларига атрофлича жавоб қайтардилар.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган долзарб вазифалар ҳамда устувор йўналишлар O`zLiDeP фаолияти учун асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқелик сифатида баҳоланган ушбу чиқишда белгилаб берилган устувор йўналиш ва долзарб вазифалар теран маъно-мазмунга эга. Баён этилган мазкур вазифаларнинг ҳар бирида партиямиз Дастури ва Сайловолди платформасида акс этган барча асосий йўналишларнинг мағзи, асос-негизи мужассамлашган. Бинобарин, O`zLiDeP олиб борилаётган ислоҳотларни, жумладан, иқтисодиётдаги таркибий янгиланишларни изчил давом эттириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга дадил одимлашга кўмаклашишга бутун салоҳиятини сафарбар этмоқда. Хусусан, ўрта синф вакиллари билан бевосита мулоқотлар тизимли равишда ўтказилиб, иштирокчиларга тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган норматив ҳужжатлар мазмун-моҳияти етказиляпти, билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар ўрганилиб, уларни ташвишлантирилаётган масалаларга кенг жамоатчилик, тегишли идоралар диққати жалб қилинаяпти.

Партия фаолларининг қайд этишича, хусусий мулк, тадбиркорлик билан боғлиқ масалалар партия учун доимо устувор бўлиб қолаверади. Чунончи, мавзу бўйича жорий йил давомида 750 дан зиёд мурожат келиб тушган. Шунингдек, “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятига ҳам мулкдорлар қатлами вакилларидан келиб тушаётган мурожаатларнинг 10 дан ортиғи партия воситаларидан оқилона фойдаланилган ҳолда газета аралашуви билан ўз ечимини топган.

Турли идора вакилларининг Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликларига кредитлар ажратилиши борасида амалга оширилган ишлар, тадбиркорлар ва фермерлар фаолиятига ноқонуний аралашувлар бўйича солиқ идоралари томонидан кўриб чиқилган мурожаатлар ва бошқа долзарб мавзулардаги маърузалар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотганини қайд этиш лозим.

Давра суҳбатида мамлакатимиздаги жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи ишлаб чиқарилаётган, иш билан банд аҳолининг 77 фоиздан ортиғи меҳнат қилаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерлик соҳаларида учраётган айрим муаммо-тўсиқларни бартараф этиш борасида партия тузилмалари ҳамда тегишли ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, бу саъй-ҳаракатларни янада яхшироқ мувофиқлаштириш зарурлиги бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Тадбир якунида Истиқлолнинг қутлуғ 25 йиллигини муносиб кутиб олиш, муборак сананинг юксак савияда нишонланишига ҳисса қўшиш барча маслакдошларимиз, электоратимиз вакиллари, умуман, жамики юртдошларимиз учун катта шараф экани алоҳида қайд этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг