Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 12/04/2016 O‘zLiDeP: озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда депутатлик гуруҳларининг ўрни ва роли
O‘zLiDeP: озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда депутатлик гуруҳларининг ўрни ва роли
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакат олдида турган улкан вазифаларни адо этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасини замон талаблари асосида ривожлантириш, ҳудудларда озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш, фермерларнинг соҳага оид билим кўникмасини бойитиш аввало, фермер хўжаликлари самарадорлигини ошириш билан боғлиқ. Зеро, бугунги фермерлар энди деҳқончилик билан чекланмай, балки замонавий қишлоқ инфратузилмасини яратувчиси, бунёдкори, маҳсулотларни қайта ишлаб чиқарувчи ва халқ фаровонлигини таъминловчи ўрта синфни ташкил қилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, бугун Ўзбекистонда бозорларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўла-тўкис таъминлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш, худудларда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, фермер хўжаликларида янги интенсив ва маҳаллий боғ ҳамда янги токзорлар барпо этиш, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш, умуман, озиқ-овқат саноати маҳсулотини ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий янги корхоналарни ташкил этиш, мавжудларини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Бу жараёнда O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари ҳам фаол иштирок этиб, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, қишлоқни жадал ривожлантириш ва ободонлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда партия депутатлик гуруҳларининг ўрни ва роли” мавзуида ташкил этилган очиқ мулоқотда шу каби масалалар муҳокама марказида бўлди.

– Бугун мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларимизни сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш ҳамда ишлаб чиқариш даражасини кескин оширишда депутатлик гуруҳ аъзоларининг ўрни жуда юқори, – дейди Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Д.Сувонова. – Шу боисдан бугун улар томонидан худудда озиқ-овқат саноатида замонавий янги корхоналарни ташкил этиш, модернизация ва реконструкция қилиш бўйича 2016 йилда 82 та янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, 1350 нафар фермер хўжаликлари кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш режалаштирилган. Фикримча, мазкур ҳудудий дастурдаги лойиҳаларнинг ижроси устидан самарали депутатлик назоратини олиб бориш, эшитувлар ташкил этиш ва сўровлар юбориш иш самарадорлигини янада оширади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2015 йил давомида Сурхондарё вилояти маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан тегишли ташкилот ва муттасадди раҳбарларга 244 та депутатлик сўров юборилиб, улардан 82 та мансабдор шахслар томонидан ижобий ҳал этишга эришилган. Айтиш жоиз, ушбу мурожаатларнинг аксарияти партия электорати бўлган тадбиркор ва фермерлар томонидан йўлланган.

–Бугунги фермер фақатгина маҳсулот етиштириш билан чекланмай, мамлакатнинг иқтисодий қудратини ошириш, юртимизнинг янада гуллаб-яшнашига муносиб улуш қўшиш, кишиларнинг кайфиятини кўтарадиган хайру саховат, меҳру мурувват сингари тадбирларни такомиллаштиришда ҳам ўз хиссасини қўшиб келмоқда, – деди Қизириқ туманидаги “Усан бобо” фермер хўжалиги раҳбари Н.Сатторов. – Албатта, бу Ўзбекистонда соҳага қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси эканидан далолат. Умуман, бугунги фермерлар нафақат ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтиришда, балки аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, одамларнинг турмуш даражасини яхшилашда ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу мамлакатда соҳага қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Тадбирда шунингдек, партия органлари ва халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг Қонун ижодкорлиги фаолиятидаги иштирокини кучайтириш, депутатларнинг ўз сайловчилари олдида ҳисобот бериб туриши, депутатлик гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ҳамда вилоятда аграр соҳани ривожлантириш, хусусан, ҳудудда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасида ҳам сўз борди.

Семинар баҳс-мунозаралар, савол-жавобларга бой тарзда бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахасислари томонидан фермерликни ривожлантириш, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини жадал такомиллаштиришга доир таклифлар, тавсиялар, тушунчалар берилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг