Валюта курслари 08/11/2024
$1 – 12809.05
UZS – 0.17%
€1 – 13765.89
UZS – 0.09%
₽1 – 130.56
UZS – 0.22%
Қидириш
Ўзбекистон 28/06/2016 O‘zLiDeP: Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
O‘zLiDeP: Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан партия фаолиятини ОАВларда ёритилишида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ журналистларни тақдирлаш мақсадида байрам тадбири ўтказилди.

Бугун жамият ҳаётини муҳим роль ўйнайдиган ва «тўртинчи ҳокимият» деб ном олган оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиш қийин.

Оммавий ахборот воситаларининг муҳимлиги шундан иборатки, улар ахборот функциясини бажаради ва бунда улар у ёки бу воқеаларни қандай талқин қилиши мазкур ҳодисаларнинг томошабин, муштарий ва тингловчилар томонидан қабул қилишига сезиларли таъсир кўрсатади.

Журналист аҳлининг машаққатли ва шарафли меҳнатидан, таъсирчан сўзи ва ижодий маҳоратидан ҳар куни баҳраманд бўладиган миллионлаб одамлар сизларнинг тимсолингизда эл-юрт манфаатини ўйлаб яшайдиган фидойи инсонларни, олижаноб касб эгаларини кўради.

Тадбирда қайд этилишича, ўзбек матбуоти вакиллари жаҳон ахборот маконида ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашга ҳаракат қилмоқда, хорижий ҳамкасблари билан мулоқот ва баҳс-мунозарада ўзининг юксак маҳоратини намоён этмоқда.

Шунингдек, партия фаолиятини ёритишда ўз билим ва иқтидорини, меҳнатини аямаган, ижодкор-журналистлар алоҳида эътироф этилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда O`zLiDeP мамлакатимизда фаолият юритаётган бир қатор оммавий ахборот воситалари билан ҳам мустаҳкам алоқа ўрнатган бўлиб, уларда партия ҳаётига оид хабарлар доимий равишда ёритиб борилмоқда. Мазкур ишларнинг амалий ифодасини 2015 йил мисолида кўрадиган бўлсак, партиянинг расмий нашри бўлмиш «XXI asr» ижтимоий-сиёсий газетасидан ташқари республикамизда чоп этиладиган бошқа матбуот нашрларида партиявий тадбирлар, лойиҳалар юзасидан жами 441 та мақола чоп этилганлиги қувонарли.

2015 йилда партия томонидан амалга оширилган тарғибот-ташвиқот ишлари, Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарор ва фармойишлари, иш режалари асосида ўтказилган мулоқоту давра суҳбатлари мазмун-моҳиятини очиб берувчи 300 га яқин лавҳалар республика телевидениеси дастурларида намойиш этилди.

Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони ўн икки миллионга етган айни шароитда партия фаолиятига оид хабарлар маҳаллий ва хорижий веб-сайтларда ҳам мунтазам ёритиб бориляпти. Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, сайтдаги мақолаларнинг савияси юқорилиги ҳамда рус ва инглиз тилларида эълон қилинаётганлиги хорижий сайтлар саҳифасидан жой олишига сабаб бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, партия веб-сайтга ташриф буюрувчиларнинг сони ортишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, ҳамкорликда олиб борган ишлар натижасида қатор республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан партия тадбирлари ўтган йил 15863 марта, жорий йилнинг шу кунига қадар 8971 маротаба ёритилди.

Байрам тадбирида сўзга чиққанлар эришилаётган натижаларда журналистларнинг ҳам муносиб ўрни борлигини таъкидлаб, соҳа вакилларини табрикладилар ҳамда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини нафақат кўра билиш, балки чуқур англаб етиш ҳам оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз касбидан, тинимсиз ва машаққатли меҳнатидан фахрланиш ҳуқуқини беради дея эътироф этдилар.

Тадбир якунида партия фаолиятини ёритишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ижодкор-журналистлар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг