Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 16/06/2016 O‘zLiDeP: Мустақилликка менинг ҳиссам
O‘zLiDeP: Мустақилликка менинг ҳиссам
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Истиқлол йилларида мамлакатимизда ёшларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини том – маънода юксалтириш ҳамда рағбатлантириб боришга катта аҳамият қаратилди. Мазкур кенг кўламли ишларнинг мантиқий давоми сифатида O‘zLiDeP ҳам давлатнинг яхлит ва талабга жавоб берадиган ёшлар сиёсатини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиб, саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама камол топган, Ватанга содиқ, ривожланган бозор муносабатлари ва фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнларида фаол иштирок этишга тайёр йигит ва қизларни тарбиялашга йўналтирган. Шу маънода партия ёшлар учун сабот билан, босқичма-босқич ижтимоий кўтаринкилик муҳитини яратишга ва уларнинг истиқболини белгилаб беришга ўз кучини сарф этмоқда.

O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Охангарон тумани марказий истирохат боғида мамлакатимиз мустақиллгининг 25 йиллигига бағишлаб, ёшлар онги ва қалбида юртимизда ҳукум сураётган тинчлик, осойишталик, фаровон ҳаётга нисбатан шукроналик, Ватанга муҳаббат, садоқат каби туйғуларни сингдириш, эртанги порлоқ кунига ишончни мустаҳкамлаш мақсадида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган “Мустақилликка менинг ҳиссам” шиори остида ёшлар форуми ва “Ишбилармон талаба - 2016” стипендияси кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Иқтидорли, ишбилармон, ёш бўлишига қарамасдан мамлакат равнақига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган, кўплаб ютуқларга эришган ёшлар ташаббуси билан кенг кўламда ташкил этилган мазкур форум ўзгача байрамона кайфиятда бошланди. Форумнинг ўзига хос тантанавор тарзда карнай-сурнай садолари остида очилиши ёшларни юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги ҳамда ватан тинчлиги йўлида фидокор, бунёдкор, ташаббускор бўлишга чорлади, гўё. Бир-биридан қизиқарли спорт мусобақалари, беллашувлар, вилоятлик ёш спорчларнинг чиқишлари форум иштирокчиларини янада завқлантирди.

Унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” фаоллари, тадбиркор ва фермерлар, мазкур танловнинг вилоят босқичига йўлланма олган ёшлар иштирок этишди. Тадбирда сўз олганлар юртимизда истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб ёшларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинаётганлиги, истиқлол туфайли кўплаб ютуқларга эришаётганимиз жумладан, турли янги олий ўқув юртлари, лицей ва коллежлар ишга тушганлиги, ёшларнинг соғлом, баркамол авлод бўлиб вояга етишлари учун республикамизнинг барча ҳудудларида бир қанча спорт иншоотлари барпо этилаётганлиги, юзлаб фарзандларимиз чет элларда ўқиб, замонавий илмларни, тажрибаларни ўрганиб қайтаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Форум доирасида кўрик-танлов иштирокчиларининг ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмаси намойиши бўлиб ўтди ва ҳар бир иштирокчига катта таассурот қолдирди.

Таъкидланганидек, истиқлол халқимиз учун чексиз имкониятлар эшигини очди. Унинг халқимизга берган бахт-саодатини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Айниқса, бундай ҳур ўлкада улғайиб, камол топаётган ёшлар, мустақиллик тенгдошлари кўплаб ютуқларга эришишди, мамлакат ривожи йўлида ўқиб, изланиб, баланд марраларни қўлга киритишмоқда. Буни партия томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Ишбилармон талаба - 2016” лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароит яратиш, уларнинг ижтимоий сиёсий-фаоллигини ошириш, мамлакатимиз келажаги йўлидаги интилиши, изланишлари, жамоат ишларидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этиб келинаётган танловнинг биргина жорий йилги туман(шаҳар) босқичларида 1500 дан ортиқ ўқувчилар иштирок этиб, улардан 54 нафари вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Кўрик-танлов иштирокчилари дурадгорлик, тикувчилик, тўқувчилик, ҳунармандчилик, пазандачилик каби йўналишлардаги ўзлари тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмасини намойиш этиш билан бирга “Инновацион лойиҳа” йўналиши бўйича, нашрдан чиқарилган китоблари ва чизган суратларини танлов иштирокчилари ва ҳакамлар ҳайъатига тақдим этдилар.

– Бугунги танлов мен учун жудаям омадли бўлди, – дейди танлов иштирокчиси Оҳангарон Саноат касб-ҳунар коллежи талабаси Ойбек Отақўзиев. –Боиси, кўплаб иқтидорли тенгдошларим орасидан менинг номзодим вилоят босқичига муносиб деб топилди. Шу боис, бугун партия томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан унумли фойдаланган ҳолда коллежда ўқиш билан бирга, асаларичилик сир-асрорларини мукаммал даражада ўрганиб, ўз билимларимни янада мустаҳкамлаб бораяпман. Келгусида тадбиркорлик фаолиятимни янада ривожлантириб, қўшимча иш ўринлари яратиш ва тенгдошларимни иш билан таъминлашни мақсад қилганман.

— Бугунги форум ва танлов менда катта таасурот уйғотди, - дейди Саноат ва транспорт коллежи ўқувчиси Насиба Бекмуродова. —Танловда тикувчилик йўналишида иштирок этиб, ўз имкониятларим ва билимларимини яна бир бор синовдан ўтказдим ва ҳакамлар томонидан тайёрлаган маҳсулотларим яхши баҳоланди. Мен мана шундай кенг имкониятли мамлакат фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Бир сўз билан айтганди, биз бахтли юртнинг бахтиёр фарзандларимиз. Келажакка бўлган ишончим мени янада кўпроқ ўқишга, изланишга ундайди. Юксак орзуларим ижобати йўлида келгусида ўзим ишлаб чиқарган миллий либосларни кенг оммага тақдим этишни мақсад қилиб қўйдим.

Танловда ўзининг иқтидорини намоён этган ёшлар республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Шунингдек, танлов доирасида вилоятдаги партия ёшлар қаноти фаоллари томонидан ташкил этилган ишлаб чиқариш обеъктлари ва фермер хўжаликларига ташриф буюриб, “Ишбилармон талаба” стипендияси кўрик-танловининг ўтган йилги вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган иштирокчиларнинг бугунги кундаги тадбиркорлик соҳасида олиб бораётган ишлари, эришган ютуқлари билан танишиб чиқилди.

Кўтаринки кайфиятда ташкил этилган ёшлар форуми ва кўрик-танлов ёш ижодкорлар иштирокида истиқлолни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлардан иборат концерт дастурига уланиб кетди.

Форум якунида ғолибларига партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг