Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 15/07/2016 O‘zLiDeP: ишбилармон аёллар жамият таянчи
O‘zLiDeP: ишбилармон аёллар жамият таянчи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бугун эркин ва фаровон жамият қуриш йўлида хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидорларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш масаласига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, жамиятимизда аёлларнинг яратувчанлиги, бунёдкорлиги, фидокорона меҳнатлари улуғланиб, маданий-маънавий хаётда, жамоат ишларидаги ўрни ва мавқеи ҳар қачонгидан кўра тобора юксалиб бормокда. Давр аёли барча жабҳаларда ишга масъулият билан ёндашиб барча соҳаларда фаол иштирок этиб келмокда.

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида катта ютуқларга эришган ишбилармон хотин-қизлар тажрибасини оммалаштириш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни партиявий лойиҳаларда фаол иштирок этишга жалб этиш, соҳада фаолият юритаётган опа-сингилларимиз меҳнатини, мамлакат иқтисодиёти ривожи ҳамда юрт фаровонлигига қўшаётган ҳиссасини эътироф этиш мақсадида тадбиркор ва ишбилармон аёллар Бизнес Форуми ташкил этилди.

Тадбиркор аёлларнинг чинакам байрамига айланган мазкур Форумда қайд этилганидек, мустакиллик аёли теран дунёқараши, янгича фикрлаши, тафаккур қилиши, жамият равнақидаги ўрнини ҳис этган холда янги замонга хос ва мос тарзда яшаши, ишлаши хамда фарзандларнинг маънавий камолотга эришувини таъминлаши лозим.Айтиш мумкинки, истиқлол йилларида мамлакат иқтисодиётининг таянч устунларидан бири бўлган тадбиркорлик йўналишида ҳам масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлган хотин-қизларимиз етишиб чиқди. Мазкур жиҳатларни эътиборга олган ҳолда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни кенгайтириш, опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур жараёнларда айнан опа-сингилларимизнинг ўзи ташаббус кўрсатмоқда.

Шунингдек, Форум иштирокчилар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, жумладан, оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, яратилган имтиёз ва преференциялар, улардан фойдаланиш йўл-йўриқлари, банк кредит сиёсати, гаров ҳужжатларини расмийлаштириш каби мавзуларда ўзаро фикр ва тажриба алмашди.

Кенг кўламда ташкил этилган мазкур Форум доирасида “Ишбилармон аёл-2016” кўрик танловининг шаҳар босқичи ҳам бўлиб ўтди.

Унда туман босқичларидан саралаб олинган ташаббускор, тадбиркор аёллар ўзлари ишлаб чиқарган экспорга йўналтирилган ва импорт ўрнини босувчи махсулотлари ва истиқболли бизнес режалари билан иштирок этишди.

Танлов низомига мувофиқ ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг ишлаб чиқариш фаолияти, йўналиши бўйича ҳаётга тадбиқ этиб келаётган янги ғоялари билан яқиндан танишиб адолатли ва ҳолисона баҳолаб боришди.

Кўрик-танловда кўрсатилган номинациялар бўйича тақдим этилган лойиҳалар асосида юқори натижаларга эришган ва хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришда ҳамда янги иш ўринлари яратишда ташаббус кўрсатган иштирокчилар юқори ўринларга муносиб кўрилди, деб хабар беради O‘zLiDeP Матбуот хизмати.

- Айнан мустақиллик йилларида тадбиркорлигимни бошлаганим менинг катта ютуғимдир, - дейди танлов ғолиби, “Торговое оборудование” МЧЖ раҳбари Рината Юсупова. - Истиқлол берган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда 15 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаман. Бугунги кунда 50 турдаги ишлаб чиқараётган махсулотларимиз айнан импорт ўрнини босувчи махсулот сифатида маҳаллий бозорда талабгорлари кун сайин ортиб бормоқда. Бозор талаб ва таклифларини ўрганиб, жорий йилда янги ускуналар олиб келиб иш ўринларини 100 тага етказдик. Ходимларимизнинг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Келгусида иш фаолиятимни янада кенгайтириб, юртим равнақига муносиб ҳисса қўшишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.Бугунги Форум ва танлов ҳозирда чинаккам тадбиркор аёл мақомига эришган замонавий ишбилармон аёллар ва бугунги кунда эндигина ўз бизнесини йўлга қўйган хотин-қизлар иштирокидаги икки авлод учрашуви мисолида ўтганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Тадбир сўнггида танлов ғолиблари ҳамда партия “Аёллар қаноти” томонидан ўтказиб келинаётган “Соғлом оила- мустаҳкам оила” ва “Оилавий тадбиркорликдан-мустаҳкам оилага” номли лойиҳаларининг фаол тарғиботчиларига партиянинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг