Мазкур Форумда мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркор, ишбилармон, ёш бўлишига қарамай кўплаб ютуқларга эришган, она юрти, маҳалласи ободлиги учун ўз ҳиссасини қўшиб келаётган, ташаббускорлиги билан янги иш ўринларини яратиб, тенгдошлари бандлигини таъминлашга эришган бир гуруҳ иқтидорли ёшлар иштирок этадилар.
Сўз – иштирокчиларга
Шоҳруҳ Ибодов, самарқанд вилояти:
– Болалигимдан тадбиркорликка қизиқаман. Элда обрў топган ишбилармонларни кўрсам, уларга ҳавасим келарди. Излаганга имкон кенг экан. Соҳага бўлган кучли иштиёқ туфайли ўтган йили ўз бизнесимни ташкил этдим. Бугунги кунда “MADAD IQBOL SERVIS” МЧЖ раҳбари сифатида фаолият юритяпман. Кичик корхонамиз полиэтилен ва труба маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 11 нафар ишчи-ходимнинг аксарияти коллеж битирувчиларидан иборат. Ҳозирда маҳсулотимизга чет элда қизиқиш катта. Экспортни йўлга қўйиш мақсадида ҳамкорлар билан иш олиб бораяпмиз.
Ёшликда олинган билим ёки ҳунарни тошга ўйилган нақшга қиёслашади. Ҳали тадбиркорлик сир-асрорларини пухта ўрганишим, билим ва тажрибамни оширишим керак. Бу борада менга O`zLiDeP томонидан ўтказиб келинаётган турли лойиҳалар ҳам қўл келмоқда. Ишончим комилки, партия ташаббуси билан ташкил этилаётган форум кейинги фаолиятимда муҳим аҳамият касб этади.
Дильназ АДИЛЬЧАЕВА, Нукус шаҳри:
– Айни пайтда миллий ҳунармандчиликнинг каштачилик ва миллий либослар йўналиши бўйича якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш юритяпман. Асосан қўл меҳнати орқали тикилаётган миллий усулдаги аёллар ҳамёни, кашта ва либослар нафақат ички бозоримизда, балки хорижда ҳам анча харидоргир.
Оилада кенжа фарзандман. Дадам, ойим ва ака-опаларим доимо мени қўллаб-қувватлашади.
Эндиги мақсадим, партия ташаббуси билан ташкил этилаётган форумда ўз иқтидоримни намойиш этиш ва фаолиятимни янада кенгайтиришдир. Бу йўлда менга Президентимизнинг “Эртанги кунимизнинг энг катта кучи, керак бўлса, замини нимага асосланади, деган саволга мен ёшларимиз, ёшларимиз ва яна бир бор ёшларимизга, деб жавоб бераман” деган сўзлари куч, ўзгача илҳом бағишлайди.
Аҳаджон ДЕҲҚОНОВ, Фарғона вилояти:
– Фермер хўжалигимиз ғалла етиштириш чорвачилик, балиқчилик ва паррандачиликка ихтисослашган. 37 гектар экин майдонимиз бор. Айни пайтда 800 бош қорамол ва 21 гектар ер майдонида балиқчилик учун мўлжалланган кўллар ташкил этилган. Ҳозирда тижорат банклари томонидан 400 млн. сўм миқдорида ажратилган кредит эвазига паррандачиликни йўлга қўйиш арафасида турибмиз. Фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидаман.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда фермерлар учун қулай муҳит ва шарт-шароитлар яратилгани муваффақиятларимнинг асосий омили бўлмоқда.
Камилла ХАМАДОВА, Тошкент шаҳри:
– Ёшим 26 да. Тадбиркорликни 2011 йилда 80 ўринли “Гелекон Вест” меҳмонхонасини барпо этиш билан бошлаган эдим. Ҳозирги кунда бу ерда 12 нафар ходим иш билан таъминланган бўлиб, меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Яқинда фаолиятимиз кўламини янада кенгайтириш мақсадида меҳмонхонамиз таркибида “Гелекон” кафесини ҳам ишга туширдик. Натижада яна бир қанча қўшимча иш ўринлари ташкил этилди.
Ўз навбатида O‘zLiDeP ғояларини тарғиб қилишда ҳам фаол қатнашиб келаяпмиз. Жумладан, жорий йилда меҳмонхонада 10 нафар аъзони ўзида бирлаштирган бошланғич партия ташкилотини туздик.