Валюта курслари 24/12/2024
$1 – 12902.00
UZS – 0.07%
€1 – 13428.40
UZS – 0.31%
₽1 – 127.60
UZS – 1.3%
Қидириш
Иқтисод 07/06/2016 O‘zLiDeP : альтернатив реклама воситалари бизнес ривожи учун
O‘zLiDeP : альтернатив реклама воситалари бизнес ривожи учун
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Маълумки, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал–демократик партияси тадбиркорлар эркинликларини таъминлаш учун иқтисодий, ташкилий, хуқуқий шароит ва кафолатлар яратилиши, мазкур қатлам фаолиятининг ҳар томонлама рағбатлантирилиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий мустақил бўлиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги мавжуд тўсиқларнинг бартараф этилиши тарафдоридир.

Айни шу жиҳатлардан келиб чиқиб, пойтахтимизда O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Чилонзор туман Кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Тадбиркорлар мулоқоти форуми” лойиҳаси доирасида “Альтернатив реклама воситалари” мавзуида амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда иқтисодиётнинг юксалиши ва тадбиркорликнинг ривожланишида рекламанинг ўзига хос ўрни бор. Бугунги кунда реклама бевосита ёки билвосита фойда олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар ёки маҳсулотлар тўғрисида турли шаклда ва турли воситалар орқали тезкор ахборот тарқатишнинг бутун дунё миқёсидаги энг анъанавий ва манфаатли омилларидан бирига айланди. Мазкур соҳани яна ривожлантириш ва тартибга солиш мақсадида қонуний асослари яратилди. Жумладан, “Реклама тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Рекламани жойлаштириш тўғрисида”ги Низом ва бир нечта ҳуқуқий меъёрий хужжатлар қабул қилинган.

Қайд этилганидек, соҳага берилаётган эътибор натижасида юридик ва жисмоний шахслар ёки маҳсулотлар тўғрисида ахборот оқимини шакллантириш, рекламани тайёрлаш ва тарқатиш учун буюртмалар қабул қилиш, реклама воситалари орқали уни тарқатиш ҳамда товарлар, ишлар, хизматлар сифатини ошириш кун сайин такомиллашиб бормоқда. Жойларда тадбиркорлар билан ўтказилаётган тадбирларда соҳага оид жаҳон тажрибаси ва амалиётини пухта ўрганга ҳолда, семинар-тренинг шаклида етказилмоқда. Бунда айнан тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи партия ташаббус кўрсатаётгани бежиз эмас.

Партия ўз дастурий мақсад ва вазифаларида электорати бўлмиш тадбиркор ва ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни бирламчи омиллардан бири сифатида илгари суради, - дейди партия Чилонзор туман Кенгаши раиси Р.Каримов. —Шу мақсадда бугунги ташкил этилган семинаримизни айнан тадбиркорлар учун ўта муҳим бўлган реклама ва унинг альтернатив воситаларига бағишладик. Тадбирда тадбиркор ва ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган иштирокчиларга ишлаб чиқарилган товарнинг ҳаётийлик даври, уни бозорга олиб кириш жараёнларининг ҳар бир босқичида бозор субъектлари билан алоқаларни режалаштириш, ташкил этиш ва бошқариш жараёни, истиқболли режалар тузиш усуллари ҳамда тадбир ва кўргазмаларда реклама қилиш, интернет ва ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиш каби альтернатив реклама воситаларига қаратилган ўқув машғулоти ўтказилди.

Шунингдек, тадбирда пойтахтимизда фаолият юритаётган йирик тадбиркорлик субъктлари, кичик бизнес вакиллари ўзларининг тажрибаларидан келиб чиқиб, рекламанинг савдо натижаларига кўрсатувчи таъсири, иқтисодий самарадорлик, рекламага ажратиладиган ҳаражатлар, маҳсулотга рекламадан ташқари таъсир кўрсатувчи бошқа омиллар ҳақида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг