Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 21/04/2016 Озиқ-овқат хавфсизлиги — фаровонлик омили
Озиқ-овқат хавфсизлиги — фаровонлик омили
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистонда шаклланган сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти азалдан маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик принципларига асосланган. Бу гени модификация қилинмаган, экологик тоза мева ва сабзавотлар етиштириш имконини бермоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини тубдан диверсификация қилиш ва аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, шунингдек, етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилаётир. Давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилган “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириши шубҳасиз.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташкил этган “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг миллий стратегияси — аҳоли фаровонлигининг муҳим омили” мавзусидаги давра суҳбатида шу хусусда сўз борди.

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, аҳолининг овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш масаласига ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида қарайди, — деди тадбирни кириш сўзи билан очган ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Жалолиддин Сафоев.

— Шу боис, партия соҳа мутахассислари, қишлоқ хўжалиги ходимлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокида муайян саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Бугунги давра суҳбати ҳам ана шундай мақсад рўёбига қаратилган.

ЎзМТДП озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини тубдан яхшилаш, жумладан, генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш ва бу орқали аҳоли саломатлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия мамлакатимизнинг ноёб тупроқ-иқлим шароити, бир йилда ўртача 320 қуёшли кун бўлишидан янада самарали фойдаланиш тарафдори. Бундай шароит сифатли мева ва сабзавотларни етиштиришга имкон беради. Бугунги давра суҳбати ЎзМТДП фракцияси аъзолари ва соҳа мутахассисларини бир жойга тўплаб, ўзаро фикр алмашиш, соҳани ривожлантиришга доир таклиф-мулоҳазалар пайдо бўлишига, соҳага оид сифатли ва ҳаётий қонунлар тайёрланишига замин яратиши шубҳасиз.

Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “2015-2019 йиллар учун ишлаб чиқаришнинг тузилмавий қайта тузилиши, замонавийлашиши диверсификациясини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармонига кўра, 5 йил ичида 900 га яқин инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, 2020 йилга қадар озиқ-овқат саноати соҳасида янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш ва қувватини ошириш мақсадида 304 йирик лойиҳа ва 5 минг янги ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилади. Бу эса йилига қўшимча 100 минг тонна озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, 130 хилдаги янги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради.

— Мамлакатимизда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ички эҳтиёжни қондириш билан бир қаторда хорижга ҳам экспорт қилинмоқда, — деди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги масъул ходими Исроил Холмирзаев. — Масалан, ўтган йилда мамлакатимизда 20 миллион тоннага яқин мева-сабзавот етиштирилди унинг 15 миллион тоннадан кўпроғи ички бозорга, 2 миллион тоннадан зиёдроғи эса экспортга йўналтирилди. Кейинги йилларда бу рақамларнинг салмоғи янада ортиши шубҳасиз. Чунки давлатимиз раҳбарининг 2015 йил якунлари ва 2016 йилдаги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидаги маърузасида кейинги 5 йил давомида пахта етиштириш ҳажмини 350 минг тоннага қисқартириш, пахтадан бўшаган ерларга эса сабзавот, картошка, озуқа экинларини кўпайтириш, боғ ва узумзорлар барпо этиш белгиланди. Бу 2020 йилга бориб бошоқли донни 16,4, картошкани 35, сабзавотни 30, мева ва узум етиштиришни эса 21,5 фоизга ошириш имконини беради.

Ушбу амалий ишлар билан бирга, аҳоли орасида соғлом овқатланиш тамойилларини тарғиб этиш ҳам тизимли равишда олиб борилаётир.

— Бугунги глобаллашув даврида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бирга, унинг хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этмоқда, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Алишер Қодиров. — Мамлакатимизда мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни изчил татбиқ этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилгани инсон манфаатларини муҳофаза қилишда муҳим омил бўлмоқда. Бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, ўз навбатида, соҳани ривожлантириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган корхоналар фаолияти кўламини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.

Хусусан, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида аҳолининг тўғри овқатланиши борасидаги фаолиятни мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш юзасидан вазифалар белгилаб берилган. Бугун соҳа мутахассислари билдирган аниқ ва ҳаётий таклифлар келгусидаги фаолиятимиз учун айни муддао бўлди.

Тадбирда биологик фаол қўшимчалар, гени ўзгартирилган озиқ-овқат маҳсулотларини юртимизга олиб киришни тартибга солиш муҳимлиги қайд этилди. Хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларининг соғлом авлод тарбиясидаги аҳамияти, микронутриентлар билан бойитилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш, овқатланиш маданиятини тушунтириш масалалари ҳақида сўз борди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг