Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 25/10/2016 Отамуратов: Лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбосини жорий этишда саволлар кўп
Отамуратов: Лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбосини жорий этишда саволлар кўп
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбосини жорий этишда саволлар кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан президентликка номзод Сарвар Отамуродов партиянинг V Съездида қайд этиб ўтди.

“Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда, яъни 1993-йилда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Орадан 23 йил ўтган бўлса-да, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ҳаётимизда узил-кесил ўз ўрнини топгани йўқ. Ушбу масалада саволлар ниҳоятда кўп”, - дея қайд этди у.

“Биз фарзандларимизни лотин алифбоси асосида ўқитдик ва ўқитиб келаяпмиз. Лекин, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маърифий ва маънавий эҳтиёжларини зарур даражада қондириш учун фаннинг барча соҳалари, таълим, адабиёт ва матбуотда лотин ёзувига асосланган ўзбек тилида китоблар, газета ва журналлар етарли даражада нашр қилиняптими? Катта авлоднинг кўпгина қисми эса лотин алифбосини ўзлаштирмаган. Бу масалада авлодлар ўртасида қандайдир узилиш сезилмоқда. Мазкур муаммони биз жамоатчилигимиз билан бирга узил-кесил ҳал қилишимиз керак”, - қўшимча қилди у.

“Ижтимоий ҳаётимизнинг кўпгина соҳаларида давлат тилининг қўлланилиши ва унинг қоидаларига риоя этилишида ҳали-ҳамон камчиликлар учраб турибди. Хусусан, оммавий муомалада, кўчаларда жойлаштирилган ташқи ёзувларда, реклама ва эълонларда, оммавий ахборот воситаларида ҳали-ҳамон ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари қўпол бузилмоқда. Ушбу муаммо газета ва журналларда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари томонидан ҳар бир туман ва шаҳарда муҳокама қилинган бўлса-да, лекин сезиларли ўзгаришлар бўлгани йўқ”, - деди у.

“Фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ҳамда категорияларни ишлаб чиқиш соҳа мутахассислари олдидаги долзарб вазифа, деб ҳисоблаймиз”, - деди Отамуродов.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг