Валюта курслари 23/12/2024
$1 – 12893.07
UZS – 0.14%
€1 – 13386.87
UZS – -0.15%
₽1 – 125.96
UZS – 0.97%
Қидириш
Ўзбекистон 02/08/2016 Оналик ва болалик давлат ҳимоясида
Оналик ва болалик давлат ҳимоясида
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда мустақиллик шарофати туфайли барча соҳаларда катта ўзгаришлар бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳада юқори натижаларга эришилди. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан мамлакатимиз тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ этиш, аҳолининг барча қатламига малакали тиббий хизматдан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашнинг самарали механизмини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Олий Мажлис қуйи палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Сирдарё вилоятида мустақиллигимизнинг 25 йиллиги олдидан «Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимида қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши: она ва бола соғлиғини таъминлаш мисолида» мавзусидаги семинар ўтказилди.

Семинарда Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасалар ва ҚВП мудирлари, маҳалла оқсоқоллари, шунингдек вилоятдаги жамоат ташкилотлари ва сиёсий партияларнинг раҳбарлари иштирок этдилар.

Конституциямизнинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”лиги ва Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 4-моддасига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир”деб белгиланган. Бугунги кунда ушбу конституциявий қоида ва меъёрлар ҳаётда амалий ифодасини топиб бормоқда.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш мобайнида 14 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 дан ортиқ Фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукуматнинг 100 га яқин қарорлари қабул қилинди. Жумладан, сўнги йилларда “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”, “Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини олдини олиш тўғрисида”, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги ва “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги, “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

– Президентимизнинг бевосита ташаббуслари ҳамда қўллаб-қувватлашлари туфайли мамлакатимиз тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилди ва бу борадаги ўзгаришлар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. Нуфузли ҳалқаро ташкилот – “Саве тҳе Чилдрен” (“Болаларни асрайлик”) томонидан тузилган жаҳон рейтингида Ўзбекистон ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар ўнталигига киргани бунинг ёрқин далилидир, – дейди парламент қуйи палатасидаги Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Мавлуда Ходжаева. – Аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш ҳамда микронутриент етишмаслиги ҳолатларининг олдини олишга эътибор қаратилиши натижасида кам вазнли болалар фоизи 19 дан 5 гача, туғруқ ёшидаги аёллар ўртасида охирги йилларда камқонлик фоизи 60,0 дан 33,15 гача камайди, шунингдек мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келиши эътироф этилгани фикримизнинг тасдиғидир. Бу борада қабул қилинган қонунлар, қонуности ҳужжатлар эса соҳа ривожининг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Авваллари ҳомиладор аёл саломатлигини тўла-тўкис текшириш учун пойтахтга келган бўлса, эндиликда республикамизнинг барча вилоятларида скрининг марказлари мавжуд бўлиб, у ерда кўплаб аёллар ҳомиладорликнинг 12 ва 14-20 ҳафтасида текширувлардан ўтишмоқда. Перинатал марказларида эса ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини асрашга катта эътибор қаратилиб, ҳомиладорлик даврида муайян бир хасталик билан оғриган, муддатидан аввал туғуруқ хавфи мавжуд бўлган оналар ҳамда эрта туғилган чақалоқлар парваришланмоқда. Айни чоғда бир килограммдан кам вазнда туғилган жажжи гўдаклар буткул соғломлаштирилаётгани бахтиёр оилалар сафини кенгайтирмоқда. Ваҳоланки, бундан 20-25 йил олдин тиббиётимиздаги шароитлар талаб даражасида бўлмагани туфайли ҳатто 1, 5 килограмм атрофида туғилган болаларнинг ҳам яшаб кетишига ишончсизлик билан қараларди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ҳозирги кунда болаларни ўн иккита хавфли касалликка қарши режали эмлаш янада изчиллик билан давом эттирилмоқда. Албатта, ушбу ҳаётий мисоллар биз танлаган соғлиқни сақлаш модели қанчалик тўғри ва самарадорлигини яққол тасдиқлаб турибди. Қолаверса, айни пайтда юртимизда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология ҳамда Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказлари, шунингдек, уларнинг жойлардаги филиаллари фаолият кўрсатмоқда.

Семинарда таъкидланганидек, эпидемик барқарорликни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган тадбирлар натижасида йиллар давомида аҳоли ўртасида полиомиелит, бўғма, қоқшол касалликлари рўйхатга олинмади. Шу боис, 2002 йилда Ўзбекистон полиомиелит вирусидан ҳоли ҳудудлиги тўғрисида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сертификатига эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ушбу концепциянинг изчил амалга оширилаётгани туфайли кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.

Бир сўз билан айтганда, “Соғлом она – соғлом бола” миллий ғоясини ўзида ифода этувчи дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётда қўлланилиши натижасида скрининг ва перинатал каби янги тиббий марказлар ҳамда уларнинг вилоятлардаги филиаллари тиббиётимиз ривожида мустаҳкам ўрин эгаллади.

Семинар якунида, соғлиқни сақлаш соҳаси, хусусан оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда бу борада бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг