Ўзбекистондан сув танқислиги глобал иқлим ўзгариши оқибатида тобора долзарблашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Сув ва энергетика ресурслари – Марказий Осиё давлатларини бирлаштирувчи омилдир. Дарёлар ирмоғида жойлашган тоғли мамлакатлар (Қирғизистон ва Тожикистон) жуда катта чучук сув захиралари ва улкан гидроэнергетик салоҳиятга эга. Дарёларнинг ўрта ва қуйи оқими мамлакатлари (Ўзбекистон, Қозоғистон ва, айниқса, Туркманистон) қазиб олинадиган ёқилғининг катта захираларига эга. Аммо сув ва суғориладиган деҳқончилик билан бевосита ёки билвосита боғлиқ аҳолининг ҳаётини таъминлаш борасида “юқоридаги қўшниларига” боғланиб қолган.
Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг сувга бўлган талаби асосан трансчегаравий дарёлар – Амударё ва Сирдарё ҳисобига қондирилади. Кузатишларга қараганда, 2025 йилга бориб иқлим ўзгариши, глобал ҳароратнинг ошиши туфайли мазкур дарёларни сув билан таъминлаётган музликлар захирасининг 15–20 фоизга камайиши кутилмоқда. Тоғ музликлари ҳажми йилига 0,2–1 фоиз атрофида камайиб бораётгани, тоғ дарёлари ҳавзаларида қор захиралари тобора қисқараётгани фикримизнинг исботидир. Иқлим ўзгариши туфайли минтақамизда ёз фаслига хос давр чўзилади. Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёри 2030 йилга бориб 5 фоизга, 2050 йилга бориб 7–10 фоизга ва ниҳоят 2080 йилга бориб ҳозиргидан 12–16 фоизга ошади.
Минтақадаги ер ости сувлари ҳажми тахминан 43,49 км.дир. Сув ресурсларининг 80 фоизидан қишлоқ хўжалигида, деярли 7 – 8 фоизидан эса саноатда, қолган қисмидан эса рўзғорда, хизмат кўрсатиш соҳасида ва бошқа мақсадларда фойдаланилади. Минтаадаги сув муносабатлари ҳуқуқий жиҳатдан 5 та республика ўртасида қабул қилинган «Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан биргаликда фойдаланишни бошқариш ва қўриқлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида» ги келишувга асосан тартибга солинади.
Оддий бир одамга чучук сув муаммоси унчалик катта ёки инсоният учун хавфли кўринмаслиги мумкин. Мамлакат айни кунларда сув етишмаслиги, сув манбаларининг қуриши ва ифлосланиши билан боғлиқ айрим муаммоларга дуч келмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда сувга оид муаммоларнинг асосий сабаби сув қимматбаҳо ресурс эканини тан олмасликдан иборат. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида суғориш учун ишлатиладиган сувга кўпроқ эҳтиёж сезадиган мамлакатдир. Негаки унинг суғориладиган майдони катта, қишлоқ аҳолиси кўпчиликни ташкил этади ва зич жойлашган.
Сувнинг катта қисмидан, айниқса қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётганини эътиборга оладиган бўлсак, суғориладиган деҳқончиликнинг экологияга салбий таъсир кўрсатаётганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш корхоналарининг очиқдан очиқ чучук сув ҳавзаларини ифлослантириши, ишлатилган заҳарли сувни дарёларга оқизишига кўплаб мисоллар мавжуд. Биргина 2021 йил сентябрь ойида Зарафшон дарёсининг Кармана туманидан оқиб ўтувчи қисмига “Навоиазот” томонидан чиқинди сувларнинг ташланиши оқибатида, 2021 йил октябрь ойида Норин дарёсига оқова сувларнинг тўкилиши натижасида минглаб сув жониворлари, балиқлар, шу дарёдан сув ичган қорамол, ит мушуклар ҳам қирилиб кетган.
Юқорида санаб ўтилган муаммоларнинг ечими борми? Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси сув билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга ўзининг қандай ҳиссасини қўша олади?
Сувни асрашнинг 10 та осон йўли
Ҳожатхонадаги унсурдан “ахлат челак” сифатида фойдаланманг ёки ундаги сувни заруратсиз туширманг. Хожатхона сув таъминотининг тўртдан бирини, ҳамда керагидан 40 фоиз ортиқ сув истеъмол қилади.
Тишингизни ювётганингизда ёки идиш-товоқни совунлаётганингизда крандаги сувни ўчириб туринг. 2 дақиқа тиш ювиш давомида канализацияга 18 литр тоза сув оқиб кетади.
Ичиш учун бир шиша сувни совутгичда сақланг. Кранда совуқ сувни бекордан бекорга ёқманг.
Идиш-товоқ ювгич ва кир машинани фақат тўлгандагина ишлатинг.
Кран ва қувурларни оқяптими ёки йўқми текширинг ва созланг. Кўп уйларда овқат қилиш ёки бошқа эҳтиёжларга сарфланадиган сувга қараганда қувурлардан сув оқиши ҳисобига кўпроқ сув сарф бўлади.
Ҳаммомга кам сарфли душ мосламасини ва кранларга сув оқишини олдини оладиган қурилмалар ўрнатинг. Оддий душ мосламасидан 5 дақиқада 100 литр сув оқади, вахоланки кам сарфли душ мосламаси 35 литр сув сарф қилади.
Мева ва сабзавотларни оқар сувда эмас, чуқур идишда ювинг. Ишлатилган сув билан хонаки ўсимликларни суғориш мумкин.
Газон (ўт)ни ҳар уч кунда салқин тушганда суғоринг.
Газонга сув сарфини камайтириш мақсадида пестицидларни камроқ солинг.
Шахсий автомобилни челакка сув олиб, ювинг. Шлангдан фойдаланманг.
Кўчалар, махалларда оқиб ётган кранларни ёпиб юриш, бошқаларни назорат қилишни ўрганинг.
Автомобилдан камроқ фойдаланинг! Биласизми, 1 литр ёнилғи ишлаб чиқариш учун 10 литр сув сарф бўлади.