Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 06/05/2022 Она бўлақолгин менга, Табиат!
Она бўлақолгин менга, Табиат!

Глобал иқлим ўзгариши – XXI асрнинг асосий муаммоларидан бири. Инсониятнинг тараққиётга эришиш йўлида табиатга нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиши атроф-муҳитдаги мувозанатнинг издан чиқишига сабаб бўлаётир.

Иқлим – қуёш атрофида ҳаракатланиб турадиган Ер сайёраси юзасига яқин бўлган атмосфера қобиғининг тропосфера қатламида рўй берадиган табиий жараёнлар натижасидир. Иқлим фасллар бўйича ўзгариш хусусиятига эга. Иқлимга таъриф берадиган бўлсак - “Иқлим деб маълум бир ҳудудда узоқ йиллар давомида такрорланиб турадиган обҳаво режимига айтилади”. Об-ҳаво эса иқлим кўрсаткичларининг айни жойдаги, айни вақтдаги ҳолатидир. Об-ҳаво бир кеча-кундузда бир неча марта ўзгариши мумкин. Йил давомида маълум жойнинг иқлимида унинг фаслларига хос ҳолда об-ҳаво ҳолатлари содир бўлиб туради. Иқлимни ҳосил қилувчи асосий омил, манба Қуёш ҳисобланади. Ер юзасига тушадиган қуёш нурларининг тушиш бурчаги қанча катта бўлса, нурларнинг иссиқлик ва ёруғлик даражаси, қуввати шунча кучли, аксинча бўлса шунча кам ва кучсиз бўлади. Ернинг юзасида атмосфера ёки ҳаво қоплами мавжуд, ундан биз нафас оламиз ва усиз ерда ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир киши бир кеча-кундузда 1 килограмм озиқ-овқат, 3 литр сув ва 12 килограмм ҳаво истеъмол қилади. Ер атмосфераси йигирмага яқин газ аралашмасидан ташкил топган. Уларнинг асосий қисми – азот ва кислороддан ҳамда сув буғи, азон ва мутлақ ҳолатда турувчи чанг ва бошқа аэрозоллардан иборат.

Сайёрамизда ҳукмронлик қилаётган ҳозирги иқлимий шароит асосан яқин ўтмишда, тўртламчи даврнинг қуйи, ўрта ва юқори қисмида рўй берган музлик давридан сўнг юзага келган. Ердаги ҳаётнинг асосий манбаи қуёш бўлсада, иқлимнинг ҳосил бўлишида атмосфера қобиғининг аҳамияти алоҳида ўрин тутади. Атмосфера таркибининг шаклланиши ва ўзгариши органик дунёнинг ривожланиш жараёни билан бевосита боғлиқ. Атмосфера сайёрамизни ўта қизиб ва кескин совуб кетишдан сақлаб турувчи ҳимоя воситасидир. Ернинг ҳаво қобиғи бўлмаса, ҳаёт ҳам бўлмас эди. Иқлимшуносларнинг ҳисоблашларига кўра атмосферада карбонат ангидрид гази бўлмаганда ҳарорат 60С га, сув буғлари бўлмаганда эса ер сиртида ҳарорат 250С га пасайиб кетган бўлар эди. Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши 1850 йилдан бошлаб, бугунги кунга келиб 1 даражага ошган. Агарда у 2 даражага етса, кризис ҳолатлар вужудга келади. Саноат инқилоби амалга оширила бошлангач атмосферада карбонат ангидриднинг миқдори 30 фоизга ошган. Олимлар иқлим ҳосил қилувчи табиий омилларни 3 гуруҳга – астрономик, географик ва ҳавони циркуляцион омилларга ажратадилар. Бу омиллар қандай гуруҳланмасин, Ер иқлимининг шаклланишида қуйидагилар муҳим ўрин тутади. Бу борада бош омил қуёшдан ер сиртига етиб келадиган радиация ва ёруғлик миқдоридир. Ер юзида сувлик ва қуруқликнинг тақсимланиши, жойнинг географик ўрни, ер юзасининг тузилиши, қуёш нурларининг ер сиртидан қайтиши кўрсаткичлари, атмосфера таркиби ва циркуляцияси ва ҳаво-денгиз оқимлари кабилардир. Ер шари иқлимини табақалаштиришда турлича ёндашувлар мавжуд. Булар орасида Б.П.Алисов томонидан 1930 йилларда ишлаб чиқилган генетик классификацияси кўпчилик томонидан мақулланган.

Бу классификацияда йил давомида ёки иссиқ ва совуқ даврларда ҳукмронлик қиладиган ҳаво массалари типлари асос қилиб олинган. У географик кенгликлар бўйлаб ҳукмронлик қиладиган еттита ҳаво массаларини қамраб олади: эквоториал, 2 та тропик, 2 та мўътадил ва Арктика, Антарктика. Бунга асосан 4 та асосий: эквоториал, тропик, мўътадил, арктика-антарктика ва 3 та оралиқ: субэквоториал, субтропик, субарктикасубантарктика иқлимий минтақаларига ажратади. Юқорида қайд қилинган ҳаво массаларининг, иқлим минтақаларининг шаклланишида Ер юзида радиация баланси, ҳаво ҳарорати ва намликнинг қутблардан экваторга томон ўзгариши асос қилиб олинган. Ер юзида қарор топган ушбу иқлимий шароит XX асрнинг ўрталарига келиб кучли антропоген таъсирга учради. Яъни, ер юзасида аҳоли сонининг ортиши, табиий ресурсларга бўлган талаб ва эҳтиёжнинг тўхтовсиз ошиши ва ниҳоят фан ва техникани ривожланиши инсоннинг табиатга таъсир кучининг ортиб бориши Ер шари иқлимининг ўзгаришига олиб келди ва бу жараён шиддат билан давом этмоқда.

Иқлимшуносларнинг маълумотларига кўра, атмосферада иссиқлик газлари ҳаддан ташқари кўп миқдорда тўпланиши дунё миқёсидаги барқарор иқлим жараёнларининг ўзгаришига олиб келмоқда. Уларнинг бундай ғайритабиий кўпайиши инсон фаолияти, чунончи: энергия ишлаб чиқаришда, кимё саноатида ва бошқа ишлаб чиқаришларда нефть, газ ва кўмирдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланилиши натижасида юз беради. Миқдори йилдан-йилга кўпайиб бораётган асосий иссиқлик газлари оксидланган газ ва метан бўлиб, маълумки, метан табиий газнинг асосий элементи ҳисобланади. Ушбу газлар атмосферада тўпланиб, сайёранинг қизиган сирти таратувчи ортиқча иссиқлик космосга тарқалишига йўл қўймайди ва атмосферанинг исишига сабаб бўлади.

Ер ўз юзасидаги инфрақизил нурларни фазога қайта чиқармаслик хусусиятига эгадир. Улар ерни иссиқ “кўрпа”га ўраб, иссиқхона самарасини беради ва Ердаги ҳароратни сақлаб туради. Мазкур жараён Ерни ҳаёт учун яроқли қилади. Иссиқхона газларисиз Ер ҳозиргидан тахминан 30 даражага совуқроқ бўлар эди. Аммо афсуски, инсон фаолияти натижасида атмосферага юқорида келтириб ўтилган газлар чиқарилмоқда. Рақамларга эътибор берсангиз, бир кунда дунёда 9 миллиард литр нефть ёқилади. Бунинг натижасида ҳаводаги СО2 нинг миқдори йилига 30% га ортиб бормоқда. Унинг оқибатлари эса қуйидагича: ҳарорат ошиши натижасида музликлар эрийди. Музликлар эриганда океан сувининг ҳарорати ва физик хоссалари, океан оқимлари, мазкур оқимларга боғлиқ бўлган мамлакатларда иқлим, глобал гидрологик цикл ва иқлимни яратувчи глобал жараёнлар ўзгаради. Оқибатда ёғингарчиликлар амплитудасида катта ўзгаришлар юз бериб у ўта кўп ёғин ёғиши ёки умуман ёғмаслиги билан белгиланади, қурғоқчилик ва тошқинлар сони кўпаяди, табиий офатлар – торнадо, тайфунлар, селлар, кўчкилар юз беради. Бир қарашда бу унча қўрқинчли бўлиб туюлмаслиги мумкин. Аммо Ерда ҳарорат яна 5 даражага кўтарилса, барча жараёнлар орқага қайтариб бўлмайдиган тус олади ва сайёрамизда ҳар қандай ҳаётга жиддий хавф туғилади. Инсон биологик тур сифатида яшаб қолиши масаласи кун тартибидан ўрин олади. Айни шу сабабли бу муаммо оламшумул аҳамият касб этади.

Иқлим ўзгариши муаммоси Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Содир бўлиши мумкин бўлган оқибатлар қаторида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

- cув ресурслари тақчиллигининг кучайиши;

- ўртача ҳароратнинг ошиши;

- ёғингарчиликларнинг нотекис тақсимланиши – ёғингарчиликларсиз қурғоқчилик узоқ давом этиши ва бир мартада кўп миқдорда ёғингарчиликлар бўлиши;

- қишлоқ хўжалигида етиштириш учун мақбул экинлар таркиби бутунлай ўзгариши;

- ҳарорат режими кучайиши натижасида аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кўпайиши;

- ўсимликлар ва ҳайвонларнинг аксарият турлари яшайдиган ареаллар қайта тақсимланиши, демак, экологик жараёнлар, бериладиган маҳсулотлар ва бажариладиган функциялар тубдан ўзгариши;

- саҳролашиш жараёнларининг кучайиши, демак, яшаш ва хўжалик юритиш мумкин бўлган ерлар камайиши;

- иқтисодиёт секторлари таъсирининг тўлиқ қайта тақсимланиши ва бошқалар.

Албатта иқлим ўзгариши натижасида кўрилиши мумкин бўлган зарарни ҳали ҳеч ким ҳисоблагани йўқ. Хўш, бизнинг фаолиятимиз иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатадими? Албатта, ҳа. Аввало бу автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар, нефть, газ, кўмир ва ўтинни ёқиш оқибатида ажраладиган СО2, атмосферадаги аэрозоллар, цемент саноати. Шунингдек деҳқончилик, озон қатламининг юпқалашиши, чорвачиликнинг ривожи, ўрмонларнинг кесилиши ҳам иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, 1901-2012 йилларда ўртача глобал ҳарорат Цельсий бўйича 0,89 даражага кўтарилган. Бу 1400 йил мобайнидаги энг юқори кўрсаткичдир. Хавотирли томони шундаки, бу жараён давом этиши башорат қилинмоқда. Яъни, 2016-2035 йилларда сайёрамизда ҳаво ҳарорати яна 0,3-0,7 даражага кўтарилиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг оқибатида яқин ўн йилликда қиш чилласида ҳарорат кўтарилиши, ёзда эса ҳавонинг совуб кетишини кузатиш мумкин. Энг ачинарлиси, иссиқхона эффекти оқибатида дунё аҳолисини, хусусан сиз-у бизнинг ичимлик сувимиз бўлмиш тоғлардаги музликларнинг заҳиралари эриши натижасида камайиб боради. 1960 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар Ердаги қор ва муз қоплами 15 фоизга қисқарди.

Шарқий-Европа минтақаси, Марказий Осиё ва Кавказ (жами 28 мамлакат) мамлакатларининг сезувчанлик ва тез зарар кўриши даражасини тавсифловчи миқдорий баҳолаш ўтказилган. Баҳолаш натижаларига кўра, Ўзбекистон иқлим ўзгаришларига жуда сезувчан (2 ўрин) ва ундан зарарланадиган (6 ўрин) мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистон учун хавфли табиат ходисалари оқибатида эхтимоли бўлган ўртача йиллик йўқотишлар ҳажми 92 млн АҚШ долларини ташкил этиб, бу Марказий Осиё ва Кавказ учун энг юқори кўрсатгич ҳисобланади. Иқлим исиши, яъни ҳаво ҳароратининг глобал ортиши муаммосини бартараф қилиш жуда мураккаб вазифадир. Чунки, бу муаммо ҳам “табиат-инсон-жамият” муносабатларига, яъни учликнинг мувозанатига, уйғун ривожланишига боғлиқдир.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг