Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан пойтахтимизнинг Олмазор тумани “Шон-Шуҳрат” маҳалласи ҳудудида инвестиция лойиҳаси асосида электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 1,2 МВт, иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қуввати 6,4 Гкал бўлган замонавий когенерация қурилмаси бунёд этилмоқда.
Маълумки, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан Чилонзор туманидаги “Оқтепа” ва “Боғзор” МФЙда қурилган дастлабки когенерация қурилмаси синов тариқасида ишга туширилган эди. 2023 йил 13 октябрь санасида Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур қурилманинг фаолияти билан танишиш чоғида бу каби иншоотларни пойтахтимизнинг қолган туманларида ҳам жорий этиш тўғрисида топшириқ берилган эди.
Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 январдаги 23-сонли “Тошкент шаҳри марказлашган иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида навбатдаги когенерация қурилмаси Олмазор туманининг “Шон-Шуҳрат” маҳалласи ҳудудида қад ростламоқда.
Умумий майдони 0,16 гектарни ташкил қилувчи замонавий энергоиншоотнинг умумий лойиҳа қиймати 45,7 млрд сўмга тенг бўлиб, у “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан Туркиянинг “Iltekno” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Унинг фойдали иш коэффициенти 80 фоиздан юқорини ташкил этади.
Қурилиш майдонида бир вақтнинг ўзида маҳаллий ва хорижий ташкилотларнинг 50 нафарга яқин ишчи-ходимлари ва 4 та махсус техника иш олиб бормоқда. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида йилига 8 млн кВт·соат электр энергияси ҳамда 52 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади.
Лойиҳа асосида ривожланган давлатларнинг энг замонавий ва юқори тежамкор технологиялари ўрнатилиши ҳисобига йилига 1,2 млн куб метр табиий газ иқтисод қилинади, атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар ҳажми 67 фоизга камаяди. Лойиҳага кўра, 15 та янги иш ўринлари яратилади.
Айни кунларда лойиҳанинг пойдевор ишлари якунланиб, асосий қурилмаларни ўрнатишга тайёрланмоқда. Бу ерда Германиядан келтирилган газ-поршен қурилмаси ҳамда иккита “Bosch” қозонлари ўрнатилади. Замонавий усулда қурилаётган энергоқурилмада ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси аҳоли хонадонларига ёпиқ тизим орқали етказиб берилиши туфайли йўқотишлар умуман кузатилмайди. Қурилма ишга тушгач, ҳудуддаги 17 та кўп қаватли уй, 1 та ижтимоий соҳа объекти ва мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари барқарор равишда иссиқлик энергияси билан таъминланади.
Лойиҳа жорий йилнинг охиригача ишга туширилиши режалаштирилган.