Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни давлат олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари, олий таълим тизимида сифатни ошириш ва халқаро ўқув дастурларини татбиқ этишга оид ҳисобот билан танишди.
Шу кунларда олий таълим муассасаларига қабул имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Бу йил унда 805 минг нафар абитуриент иштирок этмоқда.
Мутасаддилар 2024/2025 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кадрлар тайёрлаш давлат буюртмаси режаси бўйича ахборот берди. Қайд этилганидек, бу йил бакалавриатда ҳам, магистратурада ҳам муҳандислик, қурилиш, табиий фанлар, математика, ахборот технологиялари йўналишларига квоталар сони оширилмоқда. Тўлов-контракт асосида қабул давлат ва нодавлат муассасаларга бир хил шартлар асосида, олийгоҳнинг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари олий таълим муассасаларига умумий давлат буюртмасини тасдиқлаш, бунда мамлакатимиз ривожи ва меҳнат бозори талабларига эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Юртимизда муҳандис кадрларга талаб юқори. 20 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бу соҳадаги олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш вазифаси қўйилган эди.
Масалан, ҳозир Сурхондарёда Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти бор. Уларни йириклаштириш орқали Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Бу самарали бошқарув тизимини жорий этиш, такрорланувчи факультет ва кафедраларни қисқартириш, айрим штат бирликларини мақбуллаштириш имконини беради.
Янги университетда Илғор муҳандислик мактаби ташкил этилади. Унга билими юқори талабалар танлов асосида олиниб, амалиётга йўналтирилган махсус таълим дастурлари асосида ўқитилади. Бу мактабнинг йўналишларига мос саноат ҳамкорлари белгиланиб, замонавий лабораториялар ташкил этилади. Уларнинг таклифлари асосида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари йўлга қўйилади.
Университетнинг бошқарув ва ўқитувчилик лавозимларига хорижий тажрибага эга, илмий ва амалий малакаси юқори мутахассисларни жалб этиш, уларнинг иш самарасини халқаро стандартлар асосида баҳолаш вазифалари қўйилди.
Давлатимиз раҳбари тармоқ, корхона ва олий таълим муассасаси узвийлигини мустаҳкамлаш, ўз соҳасида илғор, рақобатдош мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йил сентябрь ойида АҚШга ташрифи чоғида таълим соҳаси бўйича ҳам келишувларга эришилган эди. Шунга мувофиқ, Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университети очилиши кутилмоқда.
Унинг фаолияти 2024/25 ўқув йилидан бошланади. Университетда муҳандислик, архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва молия, халқаро муносабатлар соҳалари учун кадрлар тайёрланади. Битирувчиларга Aризона давлат университети ёки АҚШда тан олинадиган ҳамкор хорижий университетнинг дипломи берилади.
Бу борадаги ташкилий чора-тадбирлар ва келгуси мақсадлар белгилаб олинди.