Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 06/10/2016 Октябрь ойи охирларида Саноат ярмаркаси бўлиб ўтади
Октябрь ойи охирларида Саноат ярмаркаси бўлиб ўтади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 24-31-октябрь кунлари мамлакатимизда X Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси бўлиб ўтади.

Мазкур тадбирларга тайёргарлик ишларига бағишланган брифингда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекциясининг директори вазифасини бажарувчи Р.Келдиёров бу йилги ярмарка ва биржада мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчилари, шунингдек, хорижий компанияларга кўплаб янгиликлар тақдим этилишини таъкидлади.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ўтказишдан асосий мақсад хўжалик юритувчи субъектларга ишлаб чиқаришни оптималлаштириш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумотлар бериш, янги ҳамкорлар топиш, маҳсулотларни етказиб бериш, жумладан, экспорт қилиш бўйича шартномалар тузишга кўмаклашишдан иборатдир.

Ўзбекистонинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 ноябрдаги «Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 2013 йил 29 январдаги «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 мартдаги «2016 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан мазкур тадбир анъанавий ўтказиб келинмоқда.

Айни вақтда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш иқтисодий тараққиёт ва иқтисодиётни ислоҳ этишнинг муҳим омилидир. Мамлакатимиз саноат ишлаб чиқариши ҳажмида маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар кўрсаткичларининг изчил суръатларда ўсаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Аввалги халқаро саноат ярмаркалари ва кооперация биржалари натижалари мамлакатимиз корхоналари ва хорижий шерикларнинг саноат кооперацияси, товарлар етказиб бериш ва харид қилиш борасида ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиқиши йил сайин ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Чунончи, 2007 йилда тадбирда 224 корхона ўз маҳсулотларини тақдим этган бўлса, 2015 йилда уларнинг сони икки мингдан, маҳсулотлар тури эса йигирма икки мингдан ошди, деб хабар беради ЎзА.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида мамлакатимизнинг 2 минг 200 дан ортиқ корхона, компания, ташкилот ва кичик бизнес субъекти ўз маҳсулотлари билан иштирок этади. Улар машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, қурилиш, металлургия, кимё, нефть-газ, озиқ-овқат ва енгил саноат, фармацевтика каби соҳаларга доир 24 минг турдан ортиқ тайёр маҳсулот, бутловчи буюм ва материалларни намойиш қилади.

Мазкур форум доирасида мамлакатимизнинг етакчи саноат корхоналари ўз тақдимотларини ўтказади. Иштирокчилар Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси томонидан ҳар йили нашр этилаётган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари каталоги ёрдамида ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек, импорт қилинаётган маҳсулотлар билан танишиш имконига эга бўлади. Мазкур каталогнинг электрон шакли билан www.cooper.uz сайтида танишиш ва унда корхонани рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Пойтахтимизда 24-31 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган навбатдаги форум саноатчилар учун муҳим воқеадир. Зеро, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларнинг ўзаро самарали ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаб, иштирокчилар ва ташриф буюрувчиларга корхоналар тақдимотлари, уларнинг техник ва технологик имкониятлари, ютуқлари билан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беради.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг