Валюта курслари 27/12/2024
$1 – 12920.48
UZS – -0.06%
€1 – 13436.01
UZS – -0.19%
₽1 – 130.17
UZS – 0.39%
Қидириш
Ўзбекистон 28/09/2016 Округ сайлов комиссиялари учун республика онлайн семинар-тренинги
Округ сайлов комиссиялари учун республика онлайн семинар-тренинги
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкентда Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари учун республика онлайн-семинар-тренинги ташкил этилди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда Марказий сайлов комиссияси ва барча округ сайлов комиссияларининг аъзолари, матбуот марказлари раҳбарлари, сайлов ҳуқуқи бўйича экспертлар, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситаларивакиллари ҳам иштирок этди.

Онлайн-семинар округ сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва уни амалиётда қўллаш бўйича билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, округ сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил қилиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа эканини алоҳида таъкидлади. Юртимизнинг келажаги, унинг янада тараққий топиши сайловнинг барча иштирокчиларининг фаоллиги, сиёсий етуклиги ва сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ.

Сайловлар – демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамиятининг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ҳаёти, жамият ва давлат бошқарувида, давлат ҳокимиятини шакллантиришда бевосита иштирокининг асосий шаклидир.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида демократик талабларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган миллий сайлов тизими яратилди.

Қонунчилигимизда Марказий сайлов комиссияси раҳбарлигида сайловларнинг қонун талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдиган ҳамда фақат қонунга бўйсунадиган мустақил сайлов комиссиялари тизимининг мустаҳкамлаб қўйилгани миллий сайлов тизимининг энг муҳим хусусиятидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳокимият органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни таъминлайдиган, давлат ҳокимияти тизимида алоҳида ўрин тутган конституциявий орган мақомига эга бўлиб, у ўз фаолиятини мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик принциплари асосида олиб боради. Буларнинг барчаси сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, сайловларнинг демократлигини таъминлаш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қонун ҳужжатлари ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Асосий тадбирлар дастурига мувофиқ тайёргарлик кўрилаётгани кўрсатиб ўтилди. Сиёсий партияларга сайловда иштирок этишга ижозат берилди, сайлов округлари ва округ сайлов комиссиялари шакллантирилиб, уларнинг фаолият юритиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Сайловнинг очиқ ва ошкоралигини, транспарентлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилмоқда, халқаро кузатувчиларга таклифномалар юборилди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга мувофиқ округ сайлов комиссиялари зиммасига мазкур ҳужжатнинг округ ҳудудидаги ижросини назорат қилиш, унинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, сайлов участкаларини тузиш, уларнинг округ бўйича тартиб рақамини белгилаш, манзилини кўрсатган ҳолда рўйхатини эълон қилиш, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, сиёсий партиялар вакилларининг, сайлов округи ҳудудида жойлашган корхоналар, муассаса ҳамда ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш каби масъулиятли вазифалар юклатилган.

Семинарда алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари ўз ишида қонунийлик, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги каби тамойилларни таъминлаш каби муҳим тамойилларга доимий эътибор бериши лозим.

Семинар-тренинг давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг асосий вазифалари, миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар билан ўзаро муносабатлари, халқаро сайлов стандартлари, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари, сайловнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда матбуот марказларининг вазифалари, кузатувчилар институтининг сайлов жараёнидаги ўрни ва аҳамияти, округ сайлов комиссиялари фаолиятининг ташкилий жиҳатлари, шунингдек,сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларга бағишланган маърузалар тингланади.

Семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази,Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси фаолияти билан ҳам танишдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг