Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 20/10/2016 Очиқлик ва ошкоралик – сайлов кампаниясининг муҳим мезони
Очиқлик ва ошкоралик – сайлов кампаниясининг муҳим мезони
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда жорий йилнинг 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу жараёнга нафақат юртдошларимиз, балки нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Бинобарин, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясининг (ЭБМ) мамлакатимизга ташрифи фикримизнинг ёрқин далилидир.

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида доимий асосда ишловчи аъзоси Темур Ширинов билан мазкур ташрифнинг мазмун-моҳияти хусусида суҳбатлашди.

– Энг аввало, Марказий сайлов комиссияси ҳамда ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорлик хусусида тўхталиб ўтсангиз?

– Таъкидлаш керакки, Марказий сайлов комиссияси кўплаб халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйган, – дейди Т.Ширинов. – Айни вақтда Марказий сайлов комиссияси ҳамда ЕХҲТ ўртасидаги алоқалар ҳам самарали ривожланиб бормоқда. ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалари координаторининг Тошкентдаги офиси “Ўзбекистон Республикаси сайлов амалиётини такомиллаштиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳа доирасида мамлакатимизда сайлов амалиётини янада демократлаштиришнинг турли масалаларига бағишланган халқаро тадбирлар, анжуман ва семинарларни ташкил қилиш ва ўтказишда фаол иштирок этди. Уларнинг ишида ЕХҲТга аъзо мамлакатлар вакиллари, шу жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси экспертлари иштирок этди.

Марказий сайлов комиссияси вакиллари Испания, Франция, Дания, Буюк Британия сайлов амалиёти билан яқиндан танишиш, шу жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон реестрини яратиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш имконига эга бўлди.

Сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори, Германиянинг Ф.Эберт ва К.Аденауэр жамғармалари сингари нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўнга яқин халқаро анжуман ва давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда Европа, Осиё, Америка ва МДҲ мамлакатлари, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда МДҲ Ижроқўми экспертлари иштирок этди.

Тажриба алмашиш, демократик сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида мамлакатимиз мутахассисларининг Франция, Испания, Польша, Дания, Буюк Британия, Корея Республикаси, Россия, Ҳиндистон каби давлатларга йигирмага яқин амалий ташрифлари уюштирилди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари миссиялар таркибида Буюк Британия, Корея Республикаси, Россия, Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Украина, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва ва бошқа мамлакатлардаги парламент ва президентлик сайловларида халқаро кузатувчилар сифатида қатнашди. Хусусан, мен Корея Республикаси, Қозоғистон, Грузия каби далватлардаги сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш ишларини бевосита кузатдим. Бу албатта тажриба алмашиш ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга ўтган даврда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда парламент ва Президент сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёни юзасидан бир неча марта кузатув олиб борганини ҳам таъкидлаш жоиз. Улар томонидан тақдим қилинган тавсиялар сайлов қонунчилиги ва амалиётини такомиллаштиришда инобатга олинмоқда.

Умуман олганда, мамлакатимизда мустақиллик йилларида сайлов қонунчилиги ва амалиётида тўпланган бой тажриба бугунги кунда Ўзбекистоннинг мазкур йўналишда ҳам халқаро обрў-эътиборининг ошиб боришига хизмат қилмоқда. Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2013 йилда ташкил этилган юзга яқин дунё мамлакатлари сайлов органларини ўзида бирлаштирган Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясининг таъсисчиларидан бири эканини келтириб ўтиш фикримизнинг мисоли сифатида келтириш лозим.

– Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан Ўзбекистонга ташриф буюрган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси экспертлари қайси жиҳатларга асосий эътиборини қаратди?

– Жорий йилнинг 11-14 октябрь кунлари мамлакатимизда бўлган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайлов департаменти раҳбари Александр Шлик бошчилигидаги Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси сайловолди ҳамда сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнини баҳолаш, сайлов комиссиялари, шунингдек, сайловни ўтказишга алоқадор давлат органлари иш фаолияти, сайловга тайёргарлик борасида сиёсий партиялар ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиш, миллий қонунчиликни таҳлил қилишга эътибор қаратди.

Марказий сайлов комиссиясида ўтказилган учрашувда халқаро экспертларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича Марказий ҳамда округ сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр юритилди.

Учрашувда мамлакатимизда истиқлол йиллари мобайнида сайлов қонунчилиги, сайлов тизими тўлиқ шаклланганлиги ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тўпланган тажриба ҳамда умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида ва хорижий давлатлар тажрибаси чуқур ўрганилган ҳолда такомиллаштириб борилаётгани эътироф этилди. Бунда Марказий сайлов комиссиясига конституциявий мақом берилгани ҳамда унинг сайловларни ташкил қилишдаги роли ва ўрни мустаҳкамлангани, фаолиятининг асосий принциплари сифатида мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик белгилаб қўйилгани муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро экспертларнинг фикрича, Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлажак сайловларни кузатиш юзасидан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига таклифноманинг ўз вақтида юборилгани халқаро сайлов стандартлари талабларига тўла мос келади.

Шунингдек, миссия экспертлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий суд, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясида учрашувлар ўтказди. Улар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда сиёсий партияларда ҳам бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида Марказий сайлов комиссияси эркин фаолияти кафолатлари ҳамда унинг фаолиятига аралашмаслик қоидалари мустаҳкамлаб қўйилган. Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлар округ ва участка сайлов комиссиялари учун, давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар учун мажбурий экани қонун билан белгиланган.

Сайлов комиссияларини тузишда жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан шакллантиришга эътибор берилаётгани мазкур муҳим сиёсий воқеликнинг нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда. Ҳар бир сайлов участкасида сиёсий партиялар кузатувчилари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилот ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга экани ҳам сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашнинг амалдаги инъикосидир.

– Экспертлар мамлакатимиз сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларга қандай баҳо берди?

– Маълумки, 2015-йил 29-декабрда кучга кирган қонунга асосан «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга мувофиқ қонунга бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларга мандатлар бериш тартибига оид, қамоқда сақлаш жойларида овоз беришни тартибга солувчи, сайловчилар рўйхатини тузишга доир, сайловолди ташвиқоти, уни амалга ошириш шакллари, усуллари, турлари ҳамда муддатларини аниқ белгилайдиган, муддатидан аввал овоз бериш тартибини янада соддалаштирадиган, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлаш мақсадида сиёсий партиялар томонидан йиғиладиган имзо варақаларининг сонини қисқартиришга оид янги нормалар киритилди.

Халқаро экспертлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президенти номзодини қўллаб-қувватлаш учун сайловчиларнинг зарур имзолари 5 фоиздан 1 фоизга камайтирилгани ҳам ижобий баҳолади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларининг янада такомиллаштирилгани алоҳида қайд этилди.

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига киритилаётган бундай янгиликлар сайловларни адолатли, очиқ-ошкора, қонуний халқаро нормаларга мос тарзда ўтказиш билан бирга фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши билан боғлиқ сиёсий ҳуқуқларини кафолатлашга, юртимизда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг демократик тамойиллар асосида шаклланишига, сиёсий партияларнинг мазкур жараёнда фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилмоқда.

Халқаро мутахассислар сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратди. Чунки мазкур дастур аҳолининг деярли барча қатламларини, шу жумладан, хотин-қизлар, ёшлар, нуронийлар, имконияти чекланган шахслар, ҳарбий хизматчилар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари вакиллари, шунингдек, у ёки бу сабаб билан вақтинча хорижий мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимизни қамраб оладики, бу мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланганининг яна бир амалдаги тажассумидир.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси экспертлари учрашувлар юксак савияда ташкил этилгани, ахборотлар етарли даражада тақдим қилинганига эътибор қаратди. Миссия учрашувлар якуни бўйича белгиланган муддатда ўз хулосасини тайёрлаб, унда сайловни самарали, ҳаққоний ва профессионал кузатиш учун шароитлар мавжудлиги, сайлов тизими шаффофлиги ҳамда жамиятнинг мазкур тизимга бўлган ишончи, шунингдек, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг олдинги сайловларни кузатиш натижалари юзасидан берилган тавсиялари ижроси сингари мезонлар ўрин олади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш жараёнида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Ижроқўми, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси қатнашишга тайёрлигини маълум қилди.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан олиб борилаётган сайлов жараёни мониторинги натижалари фуқароларнинг сайлов тизимига, бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг муваффақиятли ўтишига бўлган юксак ишончини кўрсатмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг