Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 25/10/2016 ЎзХДП аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш зарур деб ҳисоблайди
ЎзХДП аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш зарур деб ҳисоблайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ЎзХДП) аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий такомиллаштириб бориш зарур деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Ҳотамжон Кетмонов партиянинг X Съездида қайд этиб ўтди.

“Аҳоли бандлигини таъминлаш тизимини доимий такомиллаштириб бориш зарур. Хусусан, меҳнат бозоридаги талаб-таклифни тўлиқ ҳисобга олиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини тузишда ҳудуднинг жорий ва истиқболдаги ривожланиш йўналишларини аниқлаштириш, касб-ҳунар коллежлари йўналишларини белгилашда ташкил этилаётган корхона ва тадбиркорлик субъектларини кадрларга бўлган эхтиёжини ҳисобга олиш лозим”, - қайд этди Кетмонов.

“Бундан ташқари ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш давомида барқарор иш ўринларини яратиш кўрсаткичлари мазкур дастурларнинг муҳим мезонларидан бири бўлишига эришиш керак”, - қўшимча қилди у.

“Ушбу мақсадда авваломбор, муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини таклиф этаётган корхоналарда, хусусан юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш лозим”, - қайд этди номзод.

“Бу йўналишдаги яна бир муҳим масала меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш, бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштиришдир”, - деди у.

“Яна бир муҳим масала, касб-ҳунар коллежи битирувчиларига, уларнинг мустақил бандлигини таъминлаш ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш, истиқболли ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича инвестиция дастурларини ишлаб чиқишда, уларнинг ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурлари ҳамда ҳудудий бандлик дастурларига боғлиқлигини таъминлашдир”, - қайд этди у.

“Шунингдек, муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароитига эга бўлган қўшимча барқарор иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш мақсадида солиққа тортиш тизимини мақбуллаштириш, бунда айниқса кичик бизнес, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратиш талаб этилади”, - деди у.

“Шу билан бирга, жамиятнинг барча қатламларига эркин ва тенг таълим олиш имкониятларини яратиш мақсадида минтақалардаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мактабгача, ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш амалиётини янада ривожлантириш ҳам давр талаб ҳисобланади”, - таъкидлади Ҳ.Кетмонов.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг