Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2024 йил якунларига кўра, "ЎзРТХБ" акциядорлик жамиятининг биржа савдоларида цемент сотиш ҳажми 2023 йилга нисбатан 58% га ошди ва 5,9 миллион тоннага етди. Цементнинг ўртача нархи тоннасига 534,7 минг сўмни ташкил этди. Ўртача ойлик савдо ҳажми 491,8 минг тоннадан ошди.
Сотувчилар орасида етакчи ўринни "Оҳангаронсемент" МЧЖ эгаллади, унинг улуши умумий ҳажмнинг 18% ини ташкил этди. Иккинчи ўринни 3% улуш билан "Қизилқумсемент" АЖ, учинчи ўринни эса 1% улуш билан "Бекободсемент" АЖ заводи эгаллади. Қолган 78% ҳажм бошқа етказиб берувчилар томонидан таъминланди.
Ҳисобот даврида цемент нархлари фақат бозор талаби ва таклифига асосланиб шаклланди. Заводлардаги ўртача нархлар тоннасига 472,9 минг сўмдан 588,5 минг сўмгача ўзгариб турди.
Цементга энг катта талаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кузатилиб, уларнинг умумий улуши 34% ни ташкил этди. Самарқанд вилояти (15%) ва Қашқадарё вилояти (14%) ҳам сезиларли даражада маҳсулот сотиб олди. Фарғона вилоятининг улуши 8% ни ташкил қилган бўлса, қолган ҳудудларнинг ҳиссаси нисбатан камроқ бўлди.