ЎзР ФА ФТИ BM@N аъзоси бўлди
Россиянинг Дубна шаҳридаги Бирлашган Ядро Тадқиқотлари Институти Юқори Энергиялар Физикаси Лабораториясида халқаро BM@N (Baryonic Matter at Nuclotron – Нуклотрондаги Барион Материяси) коллаборацияси Институтлар Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Фанлар Академияси Физика-техника институти (ЎзР ФА ФТИ) директори, профессор Хусниддин Олимов ЎзР ФА ФТИда юқори энергиялар физикаси соҳасида олиб борилаётган долзарб тадқиқотлар ҳамда қўлга киритилган асосий натижалар тўғрисида тақдимот ўтказиб, институтнинг Юқори энергиялар физикаси лабораторияси олимлари ва ёш докторантлари учун халқаро BM@N коллаборацияси экспериментларида қатнашиш ҳар томонлама фойдали бўлишини таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистонлик олимлар гуруҳининг илмий маслаҳатчиси сифатида ядро ва элементар заррачалар физикаси соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон ҳамда Россия фанлар Академияси академиги, профессор Беҳзод Юлдашев ҳам иштирок этди. BM@N коллаборацияси Институтлари Кенгашининг барча аъзолари профессор Хусниддин Олимов раҳбарлигидаги Физика-техника институтининг Юқори энергиялар физикаси соҳасидаги гуруҳини BM@N коллаборацияси тўлақонли аъзолигига қабул қилинишини қўллаб овоз беришди.
Гуруҳ раҳбари Хусниддин Олимов BM@N коллаборацияси Институтлари Кенгаши таркибига киритилди. BM@N коллаборациясига аъзо бўлган ЎзР ФА Физика-техника илмий гуруҳига шунингдек ЎзР ФА Ядро физика институтидан аъзо сифатида Олимжон Тожибоев ҳамда илмий маслаҳатчи сифатида академик Беҳзод Юлдашевлар ҳам киритилдилар.
BM@N (Нуклотрондаги Барион Материяси) Россиянинг Бирлашган Ядро Тадқиқотлари Институтининг йирик “NICA-Нуклотрон” тезлатгич мажмуасида бошланган илк эксперимент ҳисобланади. BM@N экспериментининг асосий мақсади тезлатилган релятивистик оғир ионларнинг нишон ядролари билан тўқнашувларида ҳосил бўлган зич барион материянинг хоссаларини ўрганиш. Бундай зич барион материя хоссалари бўйича нейтрон юлдузларидаги зич материяга жуда яқиндир. BM@N ҳалқаро коллаборациясига жаҳоннинг 5 та давлатидан 13 та илмий ташкилот ҳамда универсистетлари аъзодирлар.
Ўзбекистонлик олимларнинг бундай нуфузли ва йирик ҳалқаро экспериментларда иштирок этишлари жаҳонда Ўзбекистон фани нуфузини янада кўтарилишига ҳамда ўзбекистонлик ёш олимлар ва докторантларнинг ўз тадқиқот соҳаларида илғор замонавий билим, кўникма ва тажрибага эга бўлишларига имкон беради.