Нормат Ибрагимовнинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳукумати 2020-йилгача бўлган кимё саноатини ривожлантириш дастурини тасдиқлади.
Мазкур дастурига мувофиқ эса, умумий қиймати 2,65 млрд. АҚШ долларилик 23 та лойиҳа рўёбга чиқарилади. Натижада 15 турдаги янги маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилади. Таъкидлаш керакки, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ҳисобига қўшимча қийматга эга янги турдаги маҳсулотларни тайёрлаш масаласи ҳам “Ўзкимёсаноат” жамоасининг диққат-эътиборида турибди. Самарқанд кимё заводида йилига 240 минг тонна NPK-ўғитлари тайёрлаш корхонаси бунёд этилгани, “Ангрен” махсус индустриал зонасида эса “100 минг погон метр конвейер лентаси, қишлоқ хўжалиги техникалари учун 200 минг дона, автомобиллар учун 3 миллион дона шина ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилаётгани ана шундан далолат беради.
Шу билан бирга, “Фарғонаазот” АЖда замонавий технологияларни амалиётга жорий қилиш эвазига аммиак селитраси ҳамда азот кислотаси тайёрлаш миқдори кўпайтирилди, “Максам-Чирчиқ”, “Қўқон СФЗ” ва “Самарқандкимё” акциядорлик жамиятларида реконструкциялаш ҳамда модернизациялаш ишлари олиб борилди, Навоий кон-металлургия комбинатида эса фосфорит концентратини пишириш ва фосфат хом ашёсини дастлабки тарзда ювиб тозалаш қувватлари ишга туширилди.
Бундан ташқари, 2001 йилда “Навоийазот” АЖда каустик сода, хлор, туз кислотаси, дезинфекция воситалари, Фарғона кимё заводида пахта целлюлозаси тайёрлашга киришилган бўлса, 2002 йилда “Фарғонаазот” АЖда хлорат-магний дефолианти ҳамда хлорат натрий, 2003 йилда азот кислотаси ва аммиак селитраси ишлаб чиқаришга эришилди. 2006 йилда илғор технологиялар ҳамда асбоб-ускуналар негизида Марказий Осиёда ягона бўлган Қўнғирот сода заводи, 2010 йилда Тюбегатан калийли тузлар кони базасида Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг биринчи навбати ишга туширилиши эса кимё саноатимиз, умуман, миллий иқтисодиётимиз тараққиётида алоҳида аҳамият касб этди. Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи фойдаланишга топширилгандан сўнг Ўзбекистон дунёдаги азот, фосфор ва калий ишлаб чиқарувчи 11 давлат қаторидан жой олди. Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” АЖ азот ҳамда фосфор ўғитлари тайёрлаш бўйича Марказий Осиёда ҳақли равишда етакчи ўринни эгаллаши билан бирга, чет мамлакатларга аммиак, карбамид, аммиак селитраси, сульфат аммоний, аммофос ва нитрофоска етказиб берувчи энг йирик тизим ҳисобланади. 2016 йилда унинг корхоналарида 2001 йилдагига нисбатан минерал ўғитлар 1,9, шу жумладан, азотли ўғитлар 1,7, фосфорли ўғитлар 1,3 баробар кўп ишлаб чиқарилгани бунинг тасдиғидир.