«Ўзелтехсаноат» уюшмасида Эроннинг “Iran Transfo” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзелтехсаноат» уюшмасида Эроннинг энергетика соҳасида фаолият юритувчи етакчи компанияларидан бири — “Iran Transfo” вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Делегацияга компаниянинг Ўзбекистондаги вакили Муҳаммад Реза Жафари бошчилик қилди.
Учрашувда уюшма раиси ўринбосари Фаридун Абдуалимов хорижий меҳмонлар билан музокаралар олиб борди. Томонлар ўртасидаги мулоқот давомида юртимизда янги турдаги кучланиш қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича Эрон компанияси томонидан илгари сурилган лойиҳавий таклифлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, бу маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, технологик ечимларни жорий этиш ҳамда қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш имкониятлари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Учрашув давомида «Ўзелтехсаноат» уюшмаси вакиллари меҳмонларга Ўзбекистонда электротехника саноатини ривожлантириш учун яратилган қулай инвестицион муҳит, инфратузилмавий имкониятлар ва давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Ташриф якунида “Iran Transfo” вакиллари мазкур музокараларда илгари сурилган таклифларни чуқур таҳлил қилишлари, ички муҳокамадан сўнг лойиҳа бўйича якуний қарорларини тақдим этишларини билдирдилар.
Мазкур учрашув Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги саноат кооперациясини чуқурлаштириш, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.