Валюта курслари 05/12/2024
$1 – 12813.04
UZS – -0.1%
€1 – 13457.54
UZS – -0.27%
₽1 – 122.60
UZS – 1.34%
Қидириш
Туризм 06/10/2016 “Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлида туризм” ХХII ТХСЯ очилди
“Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлида туризм” ХХII ТХСЯ очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Ўзэкспомарказ”да 5-октябрь куни “Ипак йўлида туризм” ХХII Тошкент халқаро сайёҳлик ярмарка(ТХСЯ)си очилди. “Ўзбектуризм” миллий компанияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Буюк ипак йўли” реклама агентлиги томонидан БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирнинг очилишида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар, соҳа мутахассислари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

“Ўзбектуризм” миллий компанияси раиси Фаррух Ризаев, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг техник ҳамкорлик ва хизматлар бўйича ижрочи директори Чжу Шанчжун ва бошқалар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш борасида узоқни кўзлаб амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида замонавий сайёҳлик инфратузилмаси изчил ривожланаётгани, сайёҳлар мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012-йил 10-октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори сайёҳлик инфратузилмасини тараққий эттириш, миллий туристик хизматларни халқаро бозорларга таклиф этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мамлакатимиз тарих ва замонавийлик уйғунлашган қадимий шаҳарлари, ноёб маданий-маънавий мероси, халқимизнинг миллий ўзлигини намоён этувчи урф-одат, анъаналари, табиий салоҳияти билан дунё сайёҳларининг эътиборини ўзига тортмоқда. Юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити, ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари, юксак сифатли хизмат турлари сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай имконият яратмоқда.

Ўзбекистонга келаётган туристлар йилдан-йилга кўпаймоқда. Хусусан, 2015-йилда мамлакатимизга 2 миллиондан кўпроқ сайёҳ ташриф буюрган.

Мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш, сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш доимий эътиборда. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳаво кемалари парки ва аэропортлар модернизация қилинмоқда, парвозлар географияси кенгаяётир. Пойтахтимиздан Самарқанд, Бухоро ва Қаршига қатновчи юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поезди сайёҳларга манзур бўлмоқда. Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли бунёд этилиши натижасида Тошкентдан Фарғона водийсига замонавий поездлар қатнови йўлга қўйилди.

Йўл инфратузилмасини ривожлантириш баробарида хорижлик сайёҳлар ва халқимизга бу йўналишда хизмат кўрсатиш тизими ҳам йилдан-йилга ривожланаётир. Бугунги кунда мамлакатимизда 1 минг 282 сайёҳлик ташкилоти, жумладан, 661 меҳмонхона, сайёҳлик базаси ва кемпинг, 600 дан ортиқ сайёҳлик компанияси фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1993-йилда аъзо бўлган. 2004-йилдан буён Самарқандда Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Буюк ипак йўлидаги минтақавий маркази фаолият кўрсатмоқда. Ўзаро ҳамкорликда халқаро сайёҳлик ярмаркалари, анжуманлар ва семинарлар ташкил этиб келинмоқда.

Сайёҳлик индустриясининг истиқболли йўналишларидан бири экологик туризмни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Қўриқхоналар, табиат боғлари, экомарказлар, биосфера резерватларини ўз ичига олган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоғи кенгаймоқда. Ушбу экотуризм иншоотлари имкониятларини баҳолаш, уларнинг кадастр тизимини яратиш, соҳа бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш, мамлакатимизнинг экосайёҳлик салоҳиятини жаҳонга янада кенг намойиш этиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

1995-йилдан буён анъанавий ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, жаҳон жамоатчилигини юртимизнинг сайёҳлик соҳасидаги улкан салоҳияти билан яқиндан таништириш, хориждаги етакчи сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

Бу йилги ярмаркада Япония, Португалия, Францийа, Чили, Россия, Туркия, Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлардан йигирмадан кўпроқ фирма ва компания вакиллари иштирок этмоқда.

– Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик бозорида катта нуфузга эга, – дейди “India Tourism” компанияси директори ассистенти Житендра Жадҳав (Ҳиндистон). – Қадимий тарихий обидалар, табаррук қадамжолар, халқингизнинг ўзлигини намоён этувчи маданий мерос намуналари дунё жамоатчилиги ва сайёҳларнинг диққат-эътиборини жалб этмоқда. Ҳиндистонда ҳам юртингизга саёҳат қилишга иштиёқмандлар кўп. Мамлакатингизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор хорижликлар учун бу борада катта имконият яратмоқда. Биз юртингиздаги сайёҳлик компаниялари ва фирмалари билан ҳамкорлик истиқболлари бўйича шартномалар тузиш ниятидамиз.

– Ярмарка жуда юқори савияда ташкил этилган, – дейди “Hashtag Tourizm” компанияси директори Иқбол Модак (БАА). – Ўзбекистоннинг нодир маданият, санъат дурдоналари, ҳалқингизнинг бебаҳо миллий урф-одатлари, қадриятлари, ҳунармандлик намуналари дунёга машҳур. Ўзбекистон туризм компаниялари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ниятидамиз. Тошкентдаги “Ясмина тур” сайёҳлик фирмаси билан бу борада келишувга эришдик. Ушбу тадбир туризмни янада ривожлантириш, тинчлик, тараққиёт, барқарор ривожланиш йўлида ўзаро алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини қамраб олган. Унда туроператорлар, турагентлар, йирик тармоқли меҳмонхона мажмуалари ҳамда хусусий отеллар, санаторийлар, курортлар, автотранспорт компаниялари, авиаташувчилар, глобал буюртма тизимлари, турбизнес ва бошқа сайёҳлик хизматларининг дастурий таъминотчилари, музейлар ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш ва дам олиш саноати корхоналарининг хизматлари, соҳага оид замонавий технологиялар намойиш этилмоқда. Ярмаркада бизнес, экологик, спорт ва маърифий саёҳат, экскурсия, меҳмонхона ва ресторан сервиси, соҳага доир кўчмас мулк ва суғурта, соғломлаштириш, гастрономик туризм каби йўналишларга оид бўлимлар иш олиб бормоқда.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” миллий павилёнида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан сайёҳлик фирма ва компаниялари иштирок этмоқда. Унда “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг ҳудудий бўлимлари, Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси, ўқув ва соғломлаштириш марказлари, театрлар, музейлар, сайёҳлик агентликлари хизматлари таклиф этилаётир.

– Қашқадарё вилоятида бугунги кунда ўттизга яқин туризм компанияси ва меҳмонхона сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда, – дейди “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг Қашқадарё вилояти бўйича вакили Ўктам Хўжаёров. – 2013-2015-йилларда Қарши, Шаҳрисабз ва бошқа ҳудудлардаги ўндан зийод тарихий қадамжолар реконструкция этилди, меҳмонхона бизнеси ривожланди. Бундай чора-тадбирлар сайёҳларни кўпайтиришга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида эллик мингдан кўпроқ сайёҳ вилоятимизда бўлди. Айни пайтда 2016-2017-йилларга мўлжалланган сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилган дастур доирасида бундай лойиҳалар кўлами янада кенгаяётир. Сайёҳликнинг янги йўналишларини очиш, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликка оид истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқдамиз.

Ярмарка доирасида намойиш этилаётган “Шарқ бозори” экспозициясининг олди томошабинлар билан гавжум. Бозорлар азал-азалдан нафақат савдо-сотиқ, балки халқимизнинг миллий маънавиятини, яратувчилик, ижодкорлик салоҳиятини, меҳмондўстлик, саховатлилик каби эзгу қадриятларини намоён этишда ҳам муҳим восита бўлиб келган.

Миллий таомлар тайёрлаш усулларига оид тақдимотлар ўтказилмоқда. Вилоятларнинг сайёҳлик салоҳиятига оид маълумотлар билан танишиш асносида заминимизда етиштирилган боғдорчилик маҳсулотларини татиб кўриш имконияти яратилди.

Ярмаркада таълим туризмига оид алоҳида бўлим ташкил этилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, қатор касб-ҳунар коллежларида сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш, халқаро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилган.

“Ўзбекистонда тиббиёт туризми” деб номланган бўлимда мамлакатимиз тиббиётининг ўзига хос салоҳияти, тиббиёт илм-фани ютуқлари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, етакчи клиникаларда яратилган замонавий тиббий диагностика ва даволаш шароитлари кенг намойиш этилмоқда.

Тадбир доирасида “Экологик туризм – атроф-муҳитни муҳофазалаш ва барқарор ривожланиш омили: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзбектуризм” миллий компанияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мамлакатимизда табиатни муҳофазалаш, ер ости ва ер усти ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар жамиятимизни барқарор ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Мамлакатимизнинг экологик сайёҳлик салоҳияти, бу йўналишда амалга оширилаётган дастур ва лойиҳаларга оид маърузалар тингланди ва истиқболдаги вазифалар, халқаро ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Ярмарка доирасида юртимизда ички туризмни ривожлантириш масалалари, аҳолига бу йўналишда хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига оид халқаро илмий-амалий анжуман ҳам ташкил этилади.

Энг яхши сайёҳлик йўналиши тақдимоти, компания ва меҳмонхона тақдимоти, энг яхши стенд, тематик бўлим ва туристик имкониятлар, энг яхши сервис, энг яхши дизайн, кўп йиллик ва сермаҳсул ҳамкорлик каби қатор йўналишларда танловлар бўлиб ўтади.

Тадбирда мамлакатимизга сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш борасида чет эллик ҳамкорлар ва мутахассислар билан ўзаро фикр алмашиш, ҳамкорликка оид битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг