«Ўзбекнефтгаз» газ етказиб бериш вақтинчалик чекланган бир пайтда Фарғона водийсига бензин етказиб бериш ҳажмини оширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» компанияси газ таъминоти вақтинчалик чеклангани муносабати билан Фарғона водийси ҳудудларига бензин етказиб бериш ҳажмини оширди. Бу ҳақда корхона матбуот хизмати хабар берди.
Энергетика вазирлиги топшириғига кўра қабул қилинган қарор асосида 5 сентябр куни биржа савдоларига Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари учун қўшимча 2 минг тонна ёқилғи чиқарилди. Компания маълум қилишича, одатда бу ҳудудга 250–300 тонна атрофида бензин етказиб берилган бўлса, ҳозирги кўрсаткич етти баробардан зиёдга ўсган.
Бундан ташқари, нефтебазалар суткасига йигирма тўрт соатлик иш тартибига ўтказилди. «Ўзбекнефтгаз» мутасаддилари эса уч вилоятдаги ёқилғи қуйиш шахобчалари узлуксиз таъминланиши учун зарур барча чоралар кўрилишига ишонч билдиришди.
Энергетика вазирлиги 4 сентябрь куни «Оҳангарон — Пунган» газ қувурининг ишини 5 сентябрь кундузи соат 12:00 дан бошлаб 36 соатга тўхтатилишини эълон қилган эди. Тўхтатиш давлат дастури доирасида тоғ орқали ўтказилган янги тармоқни улаш ишлари билан боғлиқ. Иш жараёнида маҳаллий ҳокимиятлар билан келишган ҳолда йирик истеъмолчилар, жумладан, газ ёқилғиси қуйиш шохобчаларини газ билан таъминлаш вақтинчалик чекланмоқда.
Вазирлик таъкидлашича, бензин етказиб бериш ҳажмининг кўпайтирилиши газ таъминотидаги вақтинчалик узилишларни қоплашга хизмат қилади.