«Ўзбеккосмос» шўрланган ерларни космик мониторинг қилишни бошлади.
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шўрланган ерлар – бу тупроқнинг юқори қатламларида эриган тузлар тўпланиб, ўсимликлар ўсиши ва қишлоқ хўжалиги фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган ҳудудлардир. Улар, асосан, сув таъминоти, иқлим, тупроқнинг механик таркиби ва геологик жараёнлар таъсирида шаклланади.
Бугунги кунда бутун ер юзида юз бераётган глобал иқлим ўзгаришлари, ерларнинг яроқсиз ҳолга келиши, тупроқ шўрланиши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши экологияга, иқтисодиёт тармоқлари ривожи ва инсониятнинг фаровон келажагига жиддий хавф солмоқда.
Кўпгина мамлакатларда чўлланиш ва ерларнинг деградацияга учраши оқибатида дунё бўйича миллиард гектар ер майдонлари яроқсиз аҳволга келиб қолган. Жумладан, мамлакатимиз ҳудудида 1 746,6 минг гектар майдон турли даражада шўрланган бўлиб, шундан 65,2 минг гектари кучли, 439,4 минг гектари ўрта ва 1 242 минг гектари эса кам шўрланиш ҳолатларига тўғри келади. Айниқса, Орол фожиаси оқибатида 5,5 миллион гектардан ортиқ ер тузли чўлга айлангани ачинарлидир.
Бу энг аввало қишлоқ хўжалиги ерларида ўсимликлар учун сув камайиши, тупроқ унумдорлигининг пасайиши, минерал моддалар ва микроэлементларнинг йўқотилиши, суғориш самарадорлигининг ёмонлашиши, ерларнинг эрозияга учраши ва турли экологик муаммоларнинг келиб чиқишига олиб келади.
2024 йилда ФАО томонидан чоп этилган “Глобал Статус оф Салт-Аффестед Соилс” (Шўрланган тупроқларнинг глобал ҳолати) ҳисоботида Ўзбекистон дунёдаги шўрланган тупроқларнинг 70 фоизига эга бўлган 10 та давлат қаторидан жой олган.
Бир неча йиллардан буён мамлакатнинг ижтимоий – иқтисодий тармоқлари учун ўзининг Давлат космик мониторинг тизими орқали кўмак бериб келаётган «Ўзбеккосмос» агентлиги ушбу глобал муаммонинг ечими сифатида БМТ ҳузуридаги Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP) билан ҳамкорликда “Сунъий йўлдош тасвирлари ёрдамида тупроқ шўрланишини аниқлаш” лойиҳасига старт бермоқда.
Бу масофавий зондлаш технологиялари, илғор геоахборот тизими ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқаришнинг барқарор усулларига кўмаклашиб, маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишни яхшилашга имкон яратади.
Лойиҳани амалга ошириш учун синов ҳудуди сифатида Жиззах вилоятининг Зарбдор ва унда туташ туманларидаги 90 та экин майдонлари танлаб олинди. У ерда сунъий йўлдошдан олинган суратлар орқали ерларнинг шўрланиш даражаси ўрганилиб, лаборатор текширувлар учун нусха олинади ва чуқур текширилади.
Бу орқали яқин йиллар давомида мамлакатдаги энг шўрланган ерларнинг аниқ статистикасини юритиш, қишлоқ хўжалиги учун ҳосилдор майдонларни аниқлаб бериш, фермерлар учун экин майдонларининг ҳолати бўйича тўлиқ маълумот тақдим этиш мумкин бўлади. Натижада эса қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш борасида ресурс ва хомашёларни тўғри тақсимлаш, ерларнинг шўрланиш даражаси ва жойнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда агротехник чораларни кўриш имконияти пайдо бўлади.
«Ўзбеккосмос» агентлиги ўтган 2024 йилда қишлоқ хўжалиги йўналишида Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари кесимида космик мониторинг ишларини олиб бориб, 967 минг гектар буғдой ҳамда 597 минг гектар пахта униб чиққан майдонларни аниқлади.
Шу билан бирга, унумдор ерларидан самарали фойдаланишни назорат қилиш мақсадида юқоридаги 8 та вилоят кесимида январь-октябрь ойлари давомида 56 минг 521 гектар фойдаланилмай ётган экин майдонлари мавжуд эканлиги қайд этилди. Қолаверса, космик мониторинг давомида 8 та вилоят кесимида жами 86 минг 107 гектар захира ерларидан фойдаланиш билан боғлиқ 27 минг 266 та ҳолат ҳам аниқланган.
«Ўзбеккосмос» агентлиги жорий “Атроф-муҳитни асраш ва „яшил“ иқтисодиёт йили”да ҳамкор ташкилотлар ва халқаро космик агентликлари билан ҳамкорликда шу каби қатор самарали лойиҳаларни амалга оширишни режа қилган.