Ўзбекистоннинг биринчи элчиси Андорра ҳамраисига ишонч ёрлиқларини топширди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси (қароргоҳи Мадрид шаҳрида жойлашган) Фаррух Турсунов Андорра ҳамраиси, Франция Президенти Эммануэль Макронга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида дипломат Франция раҳбарига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номидан самимий салом ва эзгу тилакларни етказди. Эммануэль Макрон ўз навбатида, Ўзбекистон раҳбарига ўз ҳурмати ва миннатдорчилигини билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Франция етакчиси Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим вазифа эканини алоҳида таъкидлаб, элчининг профессионал дипломатик маҳорати мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
"Биз Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга катта аҳамият қаратамиз ва барча соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрмиз", деди у.
Ўзбекистон ва Андорра ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2009 йил 1 декабрда ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Фаррух Турсунов Ўзбекистоннинг Испаниядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси сифати 2023 йил 7 декабрь куни Мадрид шаҳрига ташриф буюрган эди. Дипломат 2024 йил 9 апрель санасида Ўзбекистон элчиси сифатида Испания Қироли Филипп VI га ишонч ёрлиқларини топширган.
Шунингдек, Фаррух Турсунов мамлакатимизнинг "БМТ Туризм" ташкилотидаги (аввалги Бутунжаҳон туризм ташкилоти) доимий вакили ҳисобланади.