Валюта курслари 27/12/2024
$1 – 12920.48
UZS – -0.06%
€1 – 13436.01
UZS – -0.19%
₽1 – 130.17
UZS – 0.39%
Қидириш
Спорт 14/09/2016 Ўзбекистонлик спортчилар Паралимпия ўйинларининг биринчи кунида 8 медални қўлга киритди
Ўзбекистонлик спортчилар Паралимпия ўйинларининг биринчи кунида 8 медални қўлга киритди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтаётган XV Паралимпия ўйинларининг дастлабки кунида ўзбекистонлик спортчилар 3 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медалга сазовор бўлди.

Дунёнинг 160 дан зиёд давлатидан тўрт мингдан ортиқ спортчи иштирок этаётган нуфузли мусобақада спортчиларимиз дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда, деб хабар беради ЎзА.

Паралимпия ўйинларининг дзюдо бўйича вазни 60 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларида қатнашган Шерзод Намозов уругвайлик Хенри Боргес, озарбайжонлик Рамин Иброҳимов, финалда япониялик Макото Хиросени енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Вазни 66 килограммгача бўлган дзюдочилар баҳсида қатнашган Ўткир Ниғматов пуэрто-риколик Луиз Диас Перес, украиналик Давид Хорава ва озарбайжонлик Байрам Мустафоевни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига яна битта олтин медални енгил атлетика баҳсларида иштирок этган Ҳусниддин Норбеков келтирди. Тажрибали спортчимиз диск улоқтириш баҳсларида 59,75 метр натижа қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади. Унинг кўрсатган натижаси жаҳон ва Паралимпия ўйинлари рекорди сифатида қайд этилди.

Ғолиб спортчиларимиз шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янгради.

Дзюдо бўйича хотин-қизлар ўртасида вазни 52 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида қатнашган Севинч Салаева учинчи ўринни эгаллади.

100 метрга баттерфляй усулида сузиш баҳсларида Кирилл Паньков 56,84 сония натижа кўрсатиб кумуш медални, Музаффар Турсунхўжаев 57,26 сония натижа билан бронза медални қўлга киритди.

Хотин-қизлар ўртасида 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича финал босқичида иштирок этган Муслима Одилова 1 дақиқа 04,92 сония натижа кўрсатиб кумуш медални, Фотимахон Амилова 1 дақиқа 04,93 сония натижа билан бронза медални қўлга киритди.

Айни пайтда Ўзбекистон спорт делегацияси медаль жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида Хитой ва Буюк Британиядан кейин учинчи ўринда бормоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг