Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 07/10/2022 Ўзбекистонлик мутахассислар Грузияда географик кўрсаткичларни қўллаш бўйича илғор тажрибаларни ўрганмоқда
Ўзбекистонлик мутахассислар Грузияда географик кўрсаткичларни қўллаш бўйича илғор тажрибаларни ўрганмоқда

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) экспертлари, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлардан иборат ўзбекистонлик мутахассислар гуруҳи Грузияга географик кўрсаткичлар (ГК) тизимини яратиш ва жорий этиш бўйича ушбу мамлакатнинг илғор тажрибасини ўрганиш учун ташриф буюрдилар. Ўқув ташрифи ФАО ва Грузиянинг Қишлоқ тараққиёти ва қишлоқ хўжалиги сиёсати институти кўмагида ташкил этилди.

Ўзбекистонлик мутахассисларнинг Грузияга ташриф дастури Қишлоқ тараққиёти ва қишлоқ хўжалиги сиёсати институти, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Миллий озиқ-овқат агентлиги ва Миллий шароб агентлиги, шунингдек, Грузия Миллий интеллектуал мулк маркази (Сакпатенти) мутахассислари билан учрашувларни ўз ичига олган бўлиб, унда ҳуқуқий асослар ва Грузияда географик кўрсаткичлар тизимини тарғиб қилиш учун воситалар кўриб чиқилди. Ўзбекистон делегацияси аъзолари географик кўрсаткичлардан фойдаланиш қандай қилиб сифатни кафолатлаши ва мижозлар ишончини қозониш билан бир вақтда маҳаллий бозорни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини оширишга ҳисса қўшиш имконини беришини билиб олдилар.

Ташриф давомида Грузиянинг "Akhalkalaki Potato" (Ахалкалаки картошкаси) уюшмасида ҳам учрашув бўлиб ўтди. Қайд этилишича, Ахалкалаки муниципалитетида етиштирилган картошка ўзининг юқори сифати ва махсус таъми билан Грузияда ҳамиша машҳур ва харидоргир бўлган. Ахалкалаки картошкасининг географик кўрсаткичларини рўйхатдан ўтказиш зарурати муниципалитетдан ташқарида кўплаб ишлаб чиқарувчилар юқори даромад олиш учун Ахалкалаки бренди остида оддий картошка сотганлиги сабабли пайдо бўлди. Уюшма раиси ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ва маҳсулот оммабоплигидан фойда олиш учун географик кўрсаткичлардан фойдаланиш бўйича муваффақиятли тажрибасини ўртоқлашди.

Кахетия вилоятида Ўзбекистон делегацияси Курдгелаури қишлоғида жойлашган пишлоқ заводида ҳам бўлиб, Грузиянинг машҳур сулугуни пишлоғини ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Кварели қишлоғидаги Киндзмараули корпорациясининг вино заводига ташриф давомида ўзбекистонлик мутахассислар вино ишлаб чиқаришнинг турли босқичларини, жумладан, анъанавий «квеври» сопол идишларида винони ферментациялаш, сақлаш жараёнларини кузатиш имкониятига эга бўлдилар. Дарвоқе, Кахетия технологиясига мувофиқ шароб ишлаб чиқариш учун ушбу ноёб сопол идиш географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олинган ва ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси объектлари рўйхатига киритилган. Корпорация директори ўзбекистонлик ҳамкасбларига географик кўрсаткичлардан фойдаланиш вино савдоси сифати ва ҳажмига қандай ижобий таъсир кўрсатганини айтиб берди.

– Грузияда географик кўрсаткичларнинг барқарор тизимини шакллантириш босқичидаги энг қийин вазифалардан бири бу буюртмачилар томонидан ишлаб чиқилган спецификациялар талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифатини назорат қилишни ташкил этиш эди, бу бизнинг бўлимимиз учун ҳали ҳам устувор вазифадир", деди Сакпатенти раҳбари Маннана Пруидзе ўзбекистонлик ҳамкасблар билан учрашув давомида.

Унинг сўзларига кўра, агар дастлабки босқичда давлат назорати кўпроқ талаб қилинган бўлса, энди хусусий сектор ва географик кўрсаткичлар билан товар ишлаб чиқарувчилар гуруҳларининг ролини ошириш керак.

– Бизнинг қонунчилигимизда давлат органларига давлат корхоналарини рўйхатдан ўтказиш учун ариза бериш имконияти қолдирилган, шу билан биргаликда, бу жараёнда қишлоқ хўжалиги ва саноат бирлашмаларининг ролини ошириш керак, бу ўз навбатида ҳудудий ривожланишга ҳисса қўшади", - дея таъкидлади Мананна Пруидзе.

Хусусан, ушбу жараёнда муваффақиятли мисол сифатида "success story" дан фойдаланиш жуда муҳим, унда ишлаб чиқарувчилар ҳам, маҳаллий жамоалар ҳам ГК билан товарларни рўйхатдан ўтказиш ва реклама қилишдан фойда олишади ва истеъмолчилар эса кафолатланган сифат ва ноёб маҳсулотга эга бўлишади.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулк департаменти раҳбари Есемурат Каньязов сўзга чиқиб, Давлат мулкини бошқаришнинг самарали тизимини яратиш бўйича Грузия тажрибаси интеллектуал мулкнинг ушбу тури ҳали шаклланмаган Ўзбекистонда ҳам қўлланилиши мумкинлигини таъкидлади.

- Ўзбекистон Грузия сингари келиб чиқиш ҳудуди, маҳаллий технологиялар ва билимлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун катта салоҳиятга эга, бу яқинда мамлакатимизда географик кўрсаткичлар бўйича қабул қилинган қонун билан бир қаторда ҳудудий ривожланиш учун интеллектуал мулкнинг турли хиллари бўйича халқаро илғор тажрибаларни қўллаш имкониятини беради, - деди Есемурат Каньязов.

Хорижда географик кўрсаткичларни қўллаш бўйича муваффақиятли амалиёт билан яқиндан танишган ўзбекистонлик мутахассислар эндиликда тўпланган билим ва тажрибаларини экспортни ривожлантириш ва қишлоқ тараққиёти барқарорлигини оширишнинг самарали воситаси сифатида Ўзбекистонда географик кўрсаткичлар тизимини янада тарғиб этишда фойдаланиш ниятида.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда ФАО Ўзбекистонда "Географик кўрсаткичлар орқали барқарор озиқ-овқат тизимларини мустаҳкамлаш" лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳанинг мақсади географик кўрсаткичларни (маҳсулотларнинг географик келиб чиқиши ҳақидаги фарқловчи белгилар, бу уларнинг сифати, обрўси ва ўзига хос хусусиятларининг кафолати ҳисобланади) кенг жорий этиш орқали мамлакат қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга кўмаклашишдир. ФАО томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа туфайли географик кўрсаткичлар тушунчаси тобора Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳаётининг бир қисмига айланиб, минтақаларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва ҳудудий брендлаш учун янги имкониятлар очмоқда. Зеро, Ўзбекистон шу маънода ҳайратланарли салоҳиятга – қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ноёб миллий озиқ-овқат маҳсулотларининг кенг ассортименти, турли маданий мерос ва ҳунармандчиликнинг кўп асрлик тажрибасига эга. Масалан, машҳур Хоразм қовунлари, Қува анорлари ва Паркент узумлари нафақат Ўзбекистонда, балки унинг чегараларидан ташқарида ҳам машҳур бўлиб, бутун дунёда Бразилия қаҳваси, Швейцария пишлоғи, Хитой ипаги каби таниқли брендларнинг ёрқин намуналари билан бир қаторда жой олиш учун барча имкониятларга эга.

ФАО мутахассислари иштирокида ишлаб чиқилган ҳамда яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Географик кўрсаткичлар тўғрисида"ги Қонуни туфайли Ўзбекистонда келиб чиқиш жойи билан чамбарчас боғлиқ бўлган анъанавий товарлар "географик кўрсаткичлар" мақомига эга бўлиши ва интеллектуал мулк объекти сифатида ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиши мумкин. Энди эса янги қонуннинг самарали ҳаётга татбиқ этилиши учун ўзбекистонлик мутахассислар бу соҳада хорижий тажрибани ўзлаштиришлари зарур. Грузия географик кўрсаткичлар тизимини жорий этишдаги муваффақиятли тажрибаси туфайли танланган. Ҳозирда Грузияда 36 та товар келиб чиққан жой номи ва 24 та географик кўрсаткич рўйхатга олинган бўлиб, 100 дан ортиқ маҳсулот келажакда географик кўрсаткичларга эга бўлиш имкониятига эга. Бундан ташқари, Грузия чет элда географик кўрсаткичларга эга бўлган Грузия маҳсулотларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун турли халқаро ва икки томонлама шартномалар тузди, жумладан, Париж конвенцияси, Лиссабон келишуви, Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо аспектлари тўғрисидаги битим ва бошқалар.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг