Ўзбекистонлик аёллар Туркиядан репатриация қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркиянинг депортация марказларида бўлиб турган 50 нафар ўзбекистонлик аёллар ватанга қайтарилди. Бу Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Туркия Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ўртасидаги музокаралар доирасида эришилган келишувлар натижасида амалга оширилди.
Учрашув давомида томонлар Туркияда ноқонуний мақомда бўлиб турган фуқароларимизни легаллаштириш бўйида музокаралар ўтказилди.
Эришилган муҳим натижалар:
Туркияда ноқонуний мақомда бўлиб турган ҳамюртларимизни маъмурий жазосиз рўйхатдан ўтказиш, яшаш ва ишлаш рухсатномаларини бериш (легаллаштириш) таклифи Туркия расмийлари томонидан маъқулланди.
Қариялар ва болаларни парваришлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ноқонуний фаолият юритаётган юртдошларимизга ҳуқуқий мақом беришга келишилди.
Туркия депортация марказларидаги 50 нафар аёлларимизга ватанга қайтиш учун Миграция жамғармаси ҳисобидан авиачипталар харид қилинди;
28 нафарига “ватанга қайтиш гувоҳномаси” расмийлаштирилиб, репатриация жараёни бошланди;
Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида “Ижтимоий ҳимоя тўғрисида”ги янги битим ишлаб чиқишга келишилди.
Мутасадди органлар фуқароларни меҳнат фаолиятини фақат қонуний доирада амалга оширишга чақиради. Яқин кунлардаТуркияда нолегал мақомда бўлган Ўзбекистон фуқароларини легаллаштириш бўйича йўриқнома эълон қилинади.