Валюта курслари 20/12/2024
$1 – 12875.06
UZS – 0.1%
€1 – 13406.80
UZS – -0.67%
₽1 – 124.75
UZS – -0.57%
Қидириш
Иқтисод 14/04/2012 Ўзбекистонда янги индустриал зона пайдо бўлади
Ўзбекистонда янги индустриал зона пайдо бўлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 13 апрель куни “Ангрен” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитларни шакллантириш, шунингдек, Тошкент вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш жойларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида қабул қилинди.

“Ангрен” махсус индустриал зонаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидигилар белгиланди:

  • ички ва жаҳон бозорларида рақобатбардош бўлган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришларни барпо этиш ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун инвестициялар, энг аввало тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш борасида қулай шарт-шароитларни шакллантириш;
  • махсус индустриал зонага кирувчи минтақанинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, минерал-хомашё ресурсларини янада чуқурроқ қайта ишлаш бўйича янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш;
  • махсус индустриал зона ва умуман республика корхоналари ўртасида мустаҳкам кооператсион алоқалар ўрнатиш ҳамда саноат кооператсиясини ривожлантириш асосида маҳаллий хомашё ва материаллар негизида юксак технологияли маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
  • транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш ҳамда самарали фойдаланиш, “Ангрен” логистика маркази салоҳиятини, юкларни автомобил ва контейнерларда ташиш борасида яратилган тизимни янада ривожлантириш ҳамда улардан кенг кўламда фойдаланишни таъминлаш.

“Ангрен” махсус индустриал зонасининг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этади ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин. “Ангрен” МИЗ фаолият юритадиган муддат мобайнида унинг ҳудудида махсус солиқ тартиби ва божхона имтиёзлари амал қилади.

“Ангрен” махсус индустриал зонасининг Маъмурий кенгаши ушбу зонани бошқаради.

“Ангрен” махсус индустриал зонаси қатнашчилари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, улар республикада ишлаб чиқарилмайдиган, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида “Ангрен” МИЗ ҳудудига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган имтиёзлар киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб 3 йилдан 7 йилгача муддатга берилади.

Зона иштирокчисининг киритган сармояси 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача бўлганда, бу имтиёзлар 3 йил муддатга, 3 миллион АҚШ долларидан ортиб 10 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 5 йил муддатга ва 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 7 йил муддатга берилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси “Ўзбекэнерго” ДАК, “Ўзтрансгаз” АК, “Ўзавтойўл” АК, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда уч ой муддатда “Ангрен” махсус индустриал зонаси ҳудудида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг